
Ҳаловатсиз тун ҳамда қуш уйқуси чоғидаги ғалати туш таъсириданми, лоҳас бўлиб уйғондим. Энг қизиғи, қисқагина оромда акс этган тушни аниқ-тиниқ эсладим; ҳовли дарвозаси ланг очиқ эмиш. Ундан қадрдон дўстим, таниқли ҳофиз Ғиёсжон Облоқулов, шифохона кийимида қўлларини икки ёнг ёйганча,қучоқ очиб мен томонга калаётганмиш. Ўнг қўлида тори ҳам бор эмиш. Мен ҳам севиниб, унинг истиқболига чиқсам, Ғиёсжон тўсатдан тўхтаб, орқасига ўгирилиб кета бошлабди. Чақирсам, маъюс нигоҳ билан бир қараб олиб, яна йўлида давом этармиш. Шу зайлда у дарвозадан чиқиб, кўздан ғойиб бўлибди... Нега бундай туш кўрганлигини ақлимга сиғдира олмасдим. Э, шошманг... Ахир, жонажон дўстим, таниқли ҳофиз, "Ниҳол" мукофоти совриндори, "Шуҳрат" медали соҳиби, "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони соҳиби Ғиёсжонни сўнгги пайтларда тоби йўқ, эшитгандим. Ҳолидан албатта, хабар олишни кўнглимга тугиб қўйдим. Биз, маданият ва санъат соҳасининг қанча забардаст вакилларини, азим чинорларимизни йўқотдик. Уларнинг асарлари халққа хизмат қилишда бардавом бўлмоғи керак, Бунинг рўёбини таъминлаш келажак олдидаги бурчимиздир.
Бугун, 15 апрель –Маданият ходимлари куни. Фурсатдан фойдаланиб, ғойибона бўлса-да, қадрдон дўстимни ва барча ҳамкасб ижодкорларни байрам билан табриклайман. Оллоҳ уларга боқий умр, сиҳат-саломатлик ва шафоат ато этсин.
Байрамингиз муборак, элимнинг асл ижодкорлари!
Ғазал СИРОЖИДДИНОВ.
комментариев