» » Оиладаги зўравонликнинг ҳар қандай шаклига қаршимиз!

Оиладаги зўравонликнинг ҳар қандай шаклига қаршимиз!

Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди, чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига (ҳаёти, соғлиги, шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги) дахл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши ва оиланинг ҳар қандай аъзосига нисбатан қўлланиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Қонун фуқароларни зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоялайди.Ҳозирда эркакларнинг оилада зўравонликка учраши денгиздан томчи холос. Бизнинг ҳудудларимизда оилада айнан аёлларга нисбатан зўравонликлар юқори поғонага чиқаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.Бизнинг жамиятимизда «аёл – заифа, аёл – ожиза» деб эркак шахсига ҳаддан ташқари юқори баҳо берилади. Оилада ҳам эркак устун, эркак хўжайин деган қарашлар баъзи эркакларнинг аёллар ҳурмати, уларнинг андишалилигини суистеъмол қилишларига олиб келмоқда.
2019 йил сентябрь ойида қабул қилинган «Aёлларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун бу масалани ҳал қилишда муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат нафақат аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, балки гендер тенглиги масалаларини янада ишончли тарғиб қилишга имкон бермоқда.
Асл сабаби – мурожаат қилмаслик, «оила сири» деб қараш.
Аёлларга нисбатан зўравонликларда аралашмаслик, бунга «оила сири» деб қараш мазкур муаммонинг жамиятда кенг илдиз олиб кетишига олиб келади. Негаки эркак аёлга дўқ урса, шикаст етказса, дўппосласа ва бунга чора кўрилмаса, гап оиладан ташқарига чиқарилмаса, албатта бу ҳолат доимий тус олади.
Оиладаги зўравонлик нафақат жисмоний, балки бу психологик ёки иқтисодий зўравонлик кўринишида намоён бўлиши мумкин.
Психолог ва социологлар таъкидлашича, оилавий зўравонлик ҳолатларининг, мамлакат ҳудудларида тобора кўпайиб боришига, иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ҳам таъсир кўрсатади. Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир, стрессни бошдан кечиради. Билиб ё билмай ўз аламини аёлидан олмоқчи бўлади.
Аёллар эса бундай ҳолатда ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги сабабли ва бу ишларга оила сири деб қараганлиги боис ташқаридан ёрдам сўрамайди. Ёки улар ўзларининг ягона боқувчисини йўқотиб қўйишдан қўрқиб сукут сақлашади. Масалан, эри жиноий жавобгарликка тортилиши ва қамалиб қолишидан қўрқишади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда зўравонлик жабрдийдаларига ҳимоя ордери бериш билан уларга ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу жамиятда ўз самарасини бермоқда. Барча ҳудудларда ишонч телефонлари ишлаб турибди. Уларга мурожаат қилувчилар сони ортиб бормоқда.

Б. Фармонов, 
                    
Самарқанд вилоят суди судьяси.     Ж. Хамроев, 
фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ
 туманлараро суди раиси.

комментариев