» » ФАРЗАНДЛАРГА КИТОБ БЕРАЙЛИК!

ФАРЗАНДЛАРГА КИТОБ БЕРАЙЛИК!

Осмонларда юрганлар,                                    Олтин сарой қурганлар,                           
“Не берай?” – деб турганлар,                          Болага китоб беринг!
    
     Шоира Зулфия Мўминова қаламига максуб юқоридаги сатрлар биз катталарнинг олдимизда турган масъулиятимизни англатиб,  огоҳликка чорлаб  тургандек гўё. Ҳа, шоира  долзарб  мавзуни  қаламга олган. Негаки,  бугун болага энг кам  берилаётган нарса бу китоб  бўлиб  қолмоқда. Унинг  қўлига энг замонавий русумдаги телефонни  бераяпмиз, велосипеди ёки қўғирчоғи ўртоғиникидан кам бўлмасин, зиёд бўлсин деяяпмиз, бозорнинг олди бўлган кийимларни олиб  бераяпмиз,  ноз-неъматларни оғзига  тутаяпмиз,  пул бераяпмиз... Лекин жуда кам ҳолларда  китоб олиб  бераяпмиз. Баъзи болаларга китоб совға қилинса кераксиз буюмни олаётгандек лаб лунжи осилиб кетади. Чунки у мутолаа завқидан,  китобнинг руҳиятга бера оладиган мўъжизаларидан  бехабар. Ўйлашимча, китобхонлик оилада шаклланади. Китоб жавони бўлган,  катталар китоб ўқиган хонадонда вояга етаётган бола ҳам китобга  меҳр қўяди. Баъзи ота-оналар "Боламга китоб олиб келсам, очиб ҳам кўрмади" дейишади. Юқорида таъкидлаганимдек,  катталар ўзлари ўрнак бўлсагина,  фақат болага "ўқи,  ўқи" демасдан китоб ўқишнинг моҳияти,  келажакда берадиган фойдасини англатсагина бола мутолаага қизиқади,  сирли,  нурли манзилларга бошловчи саҳифаларга кириб боради. 
     Фаолиятим давомида  маҳаллаларда,  ташкилотларда кўп бўламан. Биринчи эътибор берадиган жиҳатим жамоанинг китобга бўлган муносабти бўлади. Негаки,  мўъжаз кутубхонаси,  газета-журнал жамланмалари бўлган жамоада муҳит ўзгача,  ижобий бўлади.   Ходимларнинг фикри соғлом ва  инсоний фазилатларга эга бўлади. Қайси жамоага ёки партиямиз бошланғич ташкилотларига  кириб бормай, албатта китоб совға қилишга ҳаракат қиламан. Айниқса, ўқув тарбия муассасаларига кириб борганимизда болажонлар учун албатта партиямиз номидан китоблар совға қиламиз. 
     Шунингдек, жамоаларга нафақат партиямиз мақсад ва вазифалари балки китоблар, китоб ярмаркалари билан кириб бораяпмиз. Ана шундай ташрифларимиздан бири туманимиздаги 24- мактабгача таълим муассасаси бўлди. Китоб ярмаркасидан болалар билан биргаликда уларнинг ота- оналари ҳам ғоятда хурсанд бўлишди. Муассаса ходимларини Ўзбекистон ХДПнинг мақсад ва вазифаларини таништириш жараёнида тўрт нафар тарбиячи партиямиз аъзолигига қабул қилинди.
    Китобхонликни тарғиб қилиш ёшлар ўртасида  маънавиятни, яхшиликни тарғиб қилишдир. Маънавиятли эл қудратли, ўз ватанига, халқига мухаббатли бўлади. 
    Зеро, партиямиз сиёсий мафкурасининг устувор йўналишлари ва дастурий мақсадлари ҳамда сайловолди дастурда ҳам баркамол авлодни тарбиялаш устувор  йўналишларидан  ҳисобланади.
 
             Қаҳҳор Низомов
      Ўзбекистон ХДП Тайлоқ  
туман Кенгаши  раиси.

комментариев