» » КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМАЛАРДАН ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ

КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМАЛАРДАН ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ

Туманимиз ҳудудидан оқиб ўтадиган Дарғом каналида айрим тумандошларимиз, хусусан,  ўсмирлар томонидан  қўлбола сузиш воситаларидан фойдаланиш ҳоллар кузатилди. Бу ҳаёт учун хатарли.Президентимизнинг 2019 йил 10 апрелдаги  қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, ФВВнинг асосий вазифалари этиб табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сейсмик кузатувлар, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг хаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган. Ушбу мақолада биз туманимизда кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш қандай тартибда амалга оширилиши ҳақида сўз юритмоқчимиз.
    Фавқулодда вазиятлар вазирининг  тегишли буйруқлари билан “Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари”, “Кичик ҳажмли кемаларни техник кўрикдан ўтказиш қоидалари” ва “Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари” тасдиқланган.                                                    Мазкур қоидаларга мувофиқ, кичик ҳажмли кема деб – асосий двигателларнинг қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъий назар, осма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар, шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар ҳисобланади.
Инспекция томонидан рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтмаган кемалардан фойдаланиш тақиқланади. Қоидаларнинг биринчи талабига асосан, қуйидаги кемалар давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказилиши шарт:
 Йўловчи сиғими 12 кишидан 
  ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар;                 
         Осма моторли кемалар;                         
Сув мотоцикллари (гидроцикллар);   Шишириладиган эшкакли қайиқлар.
   Қуйидаги техник носозликлар аниқланганда кичик ҳажмли кемалардан фойдаланишни тақиқланади:
кеманинг чўкиб кетишига бевосита таҳдид солувчи ёриқлар, тешиклар ва қопламада шикастланишлар бўлганда;
бўлинмалар, ҳаво қутилари, сузувчи блоклар бўлмаса ёки герметиклиги бузилганда;
рул ускуналарининг носозлигида;
двигателнинг ёқилғи идишидан, шланги ва таъминот тизимидан ёқилғи оққанда;
двигателда сезиларли титрашлар ёки ўчириш вақтида носозлик бўлганда;
двигателнинг масофавий бошқарув тизими ишдан чиққанда;
двигател реверс-редукторининг ўз-ўзидан узилиб ёки уланиб қолиш ҳолатларида;
фарқловчи ёритиш мосламаларининг талабга жавоб бермаслиги ёки носозлигида;
кема жамламалари ва ускуналари кема билетида кўрсатилган меъёрга мувофиқ келмаганда.
Дам олиш кунлари дўстлар ёки оилангиз билан бирга қайиқларда сайр қилишни ният қилган бўлсангиз, албатта, кемаларнинг юқорида айтиб ўтилган хавфсизлик талабларга жавоб беришига эътибор қаратинг. Рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтказилган кема бортининг икки ён томонига рўйхатга олиш рақами ёзилади (мисол учун95 А 007). Кичик ҳажмли кемаларнинг эгаларидан эса мавжуд кемалардан қонуний ва хавфсиз фойдаланиш, шунингдек сув ҳавзаларида фуқароларнинг хаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида, ўз вақтида кемаларни давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказишларини сўраб қоламиз.               Шу билан бирга, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг119-моддасига мувофиқ, кемани вақтинча олиб қўйишга ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида эслатиб ўтамиз.
Ш.Худойқулов,
туман ФВБ ФВДТ ва ФМ бошлиғи  катта лейтенант

комментариев