» » ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ПОЛВОНИ

ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ПОЛВОНИ

«Кўринг: қандай кўтарар эканман!»    

Серқирра ижод соҳиби, машҳур ҳажвчи,  маҳоратли ғазалнавис ва публицистикада ўзига хос мактаб яратган  захматкаш журналист Абдусалом Муҳаммадалиев билан  мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ  «Шарқ тонги» газетаси орқали ғойибона танишганман. Самарқанд туманида чоп этиладиган ва салмоқли ададга эга бўлган бу газетанинг деярли, ҳар  сонида гоҳ унинг ўз исм-шарифи билан, гоҳида «М. Абдусалом», «Абдул Салом Муҳаммад» каби тахаллуслари билан мақолалари, фельетон ва очерклари, шеър ва ҳажвий ҳикоялари чиқиб турарди... Орадан йиллар ўтди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошидагина, яъни университетнинг сўнгги босқичларидан бирида ўқиб юрган чоғимда,  бу пайтга келиб истеъдодли шоир бўлиб танилган Жамол Сирожиддин  кўмагида таҳририятда Абдусалом ака билан танишиш бахтига мушарраф бўлдим. Жамол ака устозлари ҳақида гапирганда, муаллим Бобоқул Бозоров ва ёзувчи Пўлат Ўамдамлар қатори Абдусалом Муҳаммадалиевнинг номини ҳам алоҳида эҳтиром билан тилга олар, бундай  пайтда кўзлари қувончдан  порлаб кетарди. Ўша учрашувда Абдусалом ака фақат ҳол-аҳвол сўрашиш билан чекланган бўлса-да, устоз ва шогирд суҳбати орқали у кишининг ниҳоятда қувноқ, болаларча беғубор, ҳазил-мутойибали суҳбатда самимий ва андишали эканлигини юрак-юракдан ҳис этгандим. Ким билсин, Абдусалом аканинг кўпгина гўзал  фазилатлари қатори беғубор ҳазилкашлиги ҳам  шогирдига ўша суҳбат чоғида юққандир.  Ҳар ҳолда,  орадан бирмунча  вақт ўтиб, «Мерос» газетасининг Хумий ижодига бағишланган махсус сонида шундай ҳазил пайдо бўлди:
Турсунали полвон (Фарғонадан, Жамол ака оиласининг яқин дўсти):  
— Чап қўлимда — беш пуд, ўнг қўлимда ¬беш пуд. Кўринг: қандай кўтарар эканман!
Абдусалом  полвон:
— Бир қўлимда —  Беҳбуд, бир қўлимда ¬ «Вермут». Кўринг: қандай кўтарар эканман!
Юқоридаги каби самимий ҳазиллар икки жўшқин қалбли устоз-шогирд адиблар ўртасида кейинчалик ҳам давом этди...

«Ҳамид Олимжонча заковат 
ва саховат»  


...2000 йил баҳорининг сўнгги кунлари эди. Мен туман халқ таълими бўлимида методист вазифасида ишлардим. Бириктирилган мактабларда давлат имтиҳонларининг ўтишини назорат қилиб, кечга яқин ишхонага йўл олдим. Туман марказидаги «писта пўчоғига бурканган»  автобекат ёнидан ўтарканман,  Қозихона ариғининг нариги томонидан кимнингдир:
— Ўўв, мулло!  Юз грамм қараб юборинг! — деган таниш овозини эшитиб,  ёнга ўгирилдим:  Абдусалом ака! 
— Кўзингизни шира босган, десам, ҳали узум пишган эмас, — деди устоз нафасини ростлаб олгач, гина-кудурат оҳангида, — икки кун олдин ҳам чақирдим; қарамай, шамолдек ўтиб кетдингиз!
 — Ҳовлимизда гилос қип-қизариб пишган, шираси узумникидан қолишмайди, — дедим-у, «ҳазилим ёқмаса-я» деган андиша билан, узр сўрашга ўтдим,— Айбга буюрмайсиз, тадбирлар кўпайиб кетди. Хабарингиз бўлса керак, эртага   Ўртақишлоқда «Мактаблар куни»нинг якуни бўлади; вилоят ҳокими қатнашади.
   Абдусалом ака «барчасидан хабарим бор», дегандек, бош чайқади, кейин  савол  назари билан менга қаради: 
— Эртага 31-мактабда «Заковат» ўйини  ҳам бўларкан. Бирга бормайсизми?
— Мени ҳам таклиф қилишган, албатта, борамиз-да, — дедим «гуноҳларимни ювиш» учун зўр имконият топилганидан қувониб.
...Эрталаб соат тўққизга яқин Абдусалом ака билан 31-мактабга  етиб бордик; Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига баҚишлаб турли мусобақалар ўтказилаётган экан. Мен мактабни беш қўлдай билсам-да, директор  Шарофат Ҳодиева  бошлиқ ўқитувчилар жамоасининг аҳиллиги, улардаги одоб, андиша, муомала маданияти, айниқса, ўқувчиларнинг салом бериш одоби Абдусалом акани ҳайратга солди... Устоз беихтиёр: «Шаҳарни чақирайлик, одобни қишлоқдан ўргансин!» дея хитоб қилиб юборганини ўзи сезмай қолди.
Мактабнинг жонкуяр ўқитувчилари — Дилором Азизова, Фароғат Абдураҳмонова, Қобил Баракаев, Раззоқ Рашидов, Азамат ўаффоровлар ташкил этган ва  маҳалла фаоллари: Ҳамроқул Қаюмов, Шавкат Жабборов, Абдуҳамид  Бобоев,  Акмал Абдураҳмоновлар ҳомийлик қилган «Заковат» интеллектуал ўйини 31 ва 40-мактаблар истеъдодли битирувчи синфлар ўртасида бўлиб ўтди. Адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида кечган баҳсда мезбонларнинг қўли баланд келди. ..
 Машҳур тарихчи олим ва оқ кўнгил инсон Ҳамроқул ака хонадонида ташкил этилган бир пиёла чой чоғида устознинг баҳри дили очилиб  ва кўзлари қувончдан порлагани сира хаёлимдан ўчмайди. Ўшанда  у  Қаюмовлар хонадони ҳақида очерк ёзишни кўнгилга тугиб қўйганлигини  айтувди... 
...  Ҳамроқул аканинг: «Сизни ўз машинамда уйингизга соғ-саломат  этиб қўяман, — деган илтифотидан сўнг, устоз «Мактаблар куни» тадбирига боришга рози бўлди.Юқорида таъкидлаганимиздек Ўртақишлоқдаги Амир Темур ҳайкали ва музейи жойлашган боғда ташкил этилган  ўша тарихий  тадбир чоғида  Абдусалом аканинг яна бир гўзал фазилати — одамлар қувончига чинакамига шерик бўлиш хислати юзага қалқиб чиқди. Ўша пайтда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган айни пайтдаги Президентимиз  Шавкат Мирзиёев тойлоқлик ўқитувчилар шаънига илиқ сўзлар айтганида ҳамда  илғор мураббийларга мукофотлар топшираётганида, ўрнидан туриб чапак чалар, ёш боладек «Офарин!», «Браво!» деб ҳайқирарди, кўзидан эса севинч ёшлари тинмай оқарди. Турмуш зарбаларидан анчагина ўзини олдириб қўйган устознинг аччиқ кўз ёшларига бир марта  гувоҳ бўлганман. Абдусалом ака  ўшанда улар ҳақида  сўзлаб бергиси келган, аммо, гапни бошлаган заҳоти: «Э-е» дея, кескин қўл силтаб бошини қуйи солганди. Лекин, бу галги севинч ёшлари уни гул-гул яшнатиб юборган эди...  Орадан икки ҳафта ўтгач, «Қўшчинор»  газетасида  «Ҳамид Олимжонча заковат ва саховат» мақоласи учта сурат билан чоп этилди. Абдусалом ака мақолани ўзи ёзган бўлса-да, негадир ҳаммуаллиф сифатида менинг фамилиямни ҳам қўшиб қўйганди. Балки,  унга қувончли лаҳзалар тортиқ этган ўша «Заковат тадбирида ҳамроҳлик қилганим учун миннатдорлик билдирмоқчи бўлгандир. Яна ким билсин... Лекин, бир нарса кундай равшан: модомики садоқатли шогирди Абдусалом акани ҳазиллашиб бўлса-да, «полвон» дедими, бунинг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор.
Абдусалом ака чиндан-да журналистларнинг полвони эди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг ижод боҚига бирров сайр этиш кифоя қилади...
                                        
                                       Абдулла НИСОРИЙ
.

комментариев