» » Тойлоқда уч нафар чин етим ёшларга уй қуриб берилмоқда

Тойлоқда уч нафар чин етим ёшларга уй қуриб берилмоқда


   Сўнгги йилларда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга, етимлар ва меҳрибонлик уйларига ёрдам кўрсатиш анъанаси яна ҳам кенг оммалашди. Одамларнинг синиқ қалбига хурсандлик ва шодлик бахш этиш кўпаймоқда. Бу жараёнда давлат томонидан ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёрдамга муҳтож оилаларни “Темир дафтар”дан чиқариш, уй-жой билан таъминлаш, ночор оилалар вакиллари учун иш ўринлари яратиш, вақти-вақти билан ҳолидан хабар олиб туриш қатъий одат тусини оляпти.

   Ана шундай хайрли ишлар Тойлоқ тумани ҳокимлиги томонидан мунтазам амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар сўзимизнинг исботидир.

    Равот маҳалласида яшовчи Жавоҳир Баратов ва унинг 4 нафар опа-укалари тақдир ҳукми билан ота-онасидан эрта айрилди. Ҳаёт синовларини енгиб, келажаги учун курашиб келаётган Жавоҳир бугунги кунда олийгоҳ талабаси. Айни дамда меҳрибонлик уйида тарбияланаётган укалари билан бир оила бўлиб яшашни истаган Жавоҳирга туман ҳокимлиги томонидан уй қуриб берилмоқда. Бобосидан қолган эски ҳовлида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш материаллари, усталар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳозирланди. Қурувчилар эса енг шимариб ишга тушишди.

   Худди шундай кўмак Самарқанд шаҳридаги SOS болалар маҳалласи тарбияланувчиси тепақишлоқлик Шерзод Зариповга берилаётган бўлса, Янги ҳаёт маҳалласи фуқароси Равшан Жалиловга туман марказида қад ростлаётган кўп-қаватли уй-жойларнинг 2 хоналиси бепул берилмоқда.
   Бу каби хайрли амаллар замирида яхшилик ва эзгулик тушунчалари мужассам.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев