» » Ёшлар ўртасида маҳорат дарси ўтказилди

Ёшлар ўртасида маҳорат дарси ўтказилди

   Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан 29-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туманимиздаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусида маҳорат дарси ўтказилди. «Ёшлар ойлиги» доирасида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликкка кенг жалб этиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ ўғил-қизлар иштирок этишди. 
   Тадбирни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати , ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж. Ҳақбердиев очиб берди. У ўз нутқида мазкур маҳорат дарси иштирокчиларнинг тадбиркорлик борасидаги билимларини бойитишга, қолаверса, ёш тадбиркорларнинг кўпайишига туртки бўлишига ишонишини таъкидлади. Шундан сўнг Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раҳбари М. Ашуров ҳамда «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси туман филиали раҳбари Алишер Суюнбоевлар ёшлар келажаги учун яратилаётган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида, кичик бизнес ёки хусусий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга берилаётган имтиёзлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. 
   —Жорий йил учун ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида туманимиз учун 13 млрд. 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган, дейди «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси туман бўлими раҳбари А. Суюнбоев. — Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳалари учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоизлик имтиёзли кредитлар ва мол мулклар лизинг асосида тақдим этилади. Шу ва шу каби бошқа кўплаб имкониятлардан нафақат коллеж битирувчилари балки 18 дан 30 ёшгача бўлганлар фойдаланишлари мумкин.   
   Ўқув-семинардан сўнг мактаб ҳовлисида тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ёшлар томошабин бўлиш билан чекланмай, тадбиркор ва ҳунармандлар билан яқиндан танишиб, уларнинг иш тажрибаларини ўрганишди, ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди. Шунингдек, анжуманда туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари ўзларининг бўш иш ўринлари ярмаркаси билан иштирок этди.
   Тадбирнинг иккинчи қисмида «Сиёб — Шавкат — Орзу» фермер хўжалигига қарашли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасига саёҳат ташкил этилди. Корхонанинг иш бошқарувчиси Хуршид Шодиев у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди. Чет элдан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар, меваларни қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарининг ишлаш тартибини тушунтирди. 
— Пишиқчилик мавсумида бир кунда 10-15 тонна, бир йилда эса ўртача 1000-1200 тонна маҳсулотлар қайта ишланади. Бу ерга нафақат туманимизнинг мева-сабзавотларини, балки бошқа вилоятлардан ҳам маҳсулот қабул қилинади. Қуритилган меваларни асосан Саудия Арабистони, Туркия, Испания каби кўплаб давлатларга экспорт қиламиз, — дейди Х. Шодиев. 
Тадбир иштирокчилари олам-олам завқ ва иштиёқ билан корхона биносидан чиқиб, «Тойлоқ бахмали» хусусий корхонасининг тайёрлов ва тўқув цехи томон йўл олишди. Корхонанинг масъул ходими бизни замонавий дастгоҳлар бир маромда шовқин солиб ишлаётган цехлар сари бошлар экан, йўл-йўлакай корхона фаолияти ҳақида сўзлаб берди: 
— «Тойлоқ бахмали» хусусий корхонаси ҳеч муболағасиз туманимиз саноатининг пешқадамларидан бири ҳисобланади. Корхона 2009 йилда 50-60 нафар ишчи билан фаолиятини бошлаган эди. Ҳозирда фақат ишлаб чиқариш бидан банд бўлган тўқувчилар сони 120 нафарни ташкил этади. Ишчиларнинг асосий қисми хотин-қизлар эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Уларнинг ишлаши, дам олиши, тушлик қилиши учун барча шароитлар яратилган. Маошлари ўртача 1000-1200 сўмни ташкил этади. 
Бу ердаги манзара — тўқув машинкаларининг тинимсиз ишлаши, хотин-қизларнинг чаққон ҳаракатлари, айниқса, қизларда ўзгача таассурот қолдирди. Улар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этишларидан,  юз-кўзларидаги ифодадан бу соҳага қизиқиб қолганларини билиш қийин эмас эди.   
Навбатдаги «Акмал Тошпўлатович» кўп тармоқли фермер хўжалигида уюштирган саёҳатимиз бунданда қизиқарли бўлди. Фаолиятини 2006 йилда 17 гектар ерда ғалла, полиз ва сабзавот экинлари экиб, парваришлашдан бошлаган фермер хўжалиги бугунги кунда 72 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бирга, балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 
— Бундан ташқари 1 гектарга яқин иссиқхонамиз бор. У ерда памидор, бодринг етиштирамиз. Яқинда мева ва сабзавот сақлаш совуқхонасини барпо қилдик, — дейди фермер хўжалик раҳбари Дилшод Муҳаммадиев.  — Маҳсулотларимизнинг барчаси сифатли ва харидоргир. Мен ҳам ишни таваккалчиликдан бошлаганман. Қўлимда маблағим ҳам йўқ эди, тармоқни кенгайтириш мақсадида дастлаб банкдан 100 миллион кредит олдим. Худога шукр меҳнатларим зое кетмади. Ҳозирда йиллик даромадим 300-400 миллон сўмни ташкил этади. Бунча пулни топиш учун қишин ёзин меҳнат қилиш керак бўлади. Сизларга маслаҳатим ҳеч иккинланмай тадбиркорлик фаолиятингизни бошлайверинг. Чунки бугун  ортингизда сизни қўллаб-қувватловчи кишилар, ташкилотлар бор.
Ҳа, чиндан ҳам бугун ёшларга эътибор ўзгача. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бугунги тадбир ҳам эртамиз эгалари манфаати йўлида хизмат қилиши шубҳасиз. Битирувчи ёшлар бу тадбирдан хулоса чиқариб, ўз келажаклари сари дадил қадам ташласалар ажаб эмас. 
Нигина РАҲМАТОВА,
«Қўшчинор» газетаси мухбири.

комментариев