» » Муқовадаги ким: Ибн Сино, Беруний ёки Алишер Навоий?!

Муқовадаги ким: Ибн Сино, Беруний ёки Алишер Навоий?!

— Аяжон, бу дафтар муқовасидаги ким?— Тушунмадим, болам, катта ҳарфлар билан Абу Али Ибн Сино деб ёзиб қўйишибди-ку, — дедим ўғлимнинг саволидан жаҳлим чиқиб.
— Бу бобокалонимизни устозимиз бизга Абу Райҳон Беруний деб таништирганлар. Энг қизиғи, суратнинг пастида Алишер Навоийнинг туғилган ва вафот этган йиллари ёзилган, — деди ўғлим, паст товушда, аммо қатъият билан.
— Нима?! Яшин тезлигида ҳозиргина ўзим бозордан олиб келган дафтарни унинг қўлидан юлиб олдим. Не кўз билан кўрайки, ўғлим ҳақ эди. Шу заҳотиёқ бозорга отландим. Соат кечки олтида ҳаллослаганча туман марказидаги қатор дўконлар ёнига етиб келдим. Савдоси тугаган 25-30 ёшлардаги жувон нарсаларини йиғиштириб, юк халтасига жойлаётган экан.
— Опа, келинг, нима керак? — деди у, бамайлихотир.
— Дафтар, дафтар, — дедим, лабим пирпираб.
— Э, опа сал эртароқ келмабсизда, ҳаммасини сотиб бўлдим. 
Тарвузим қўлтиғимдан тушди. Наҳотки бугун камида ўнта хонадондаги болаларнинг онги заҳарланса-я, деган ўй миямни кемирарди.
— Кечирасиз, синглим, сиз бу ўқув қуролларини қаердан олиб келяпсиз?
— Ҳа, касбимиз ёқиб қолдими? — деди у ҳазиллашгандек.
— Сизга савол бердим, синглим  —  дедим ўзимни босишга уриниб.
— Қаердан бўларди, Ургутнинг «оптом бозори»дан-да!
— Буларни олаётганда уёқ-буёғига қарайсизларми, ўзи?!
— Тинчликми, опа, нега бунча суриштиряпсиз? Тошкентдан ва турли вилоятлардан юк келади. Тунда арзон бозор бўлади. Талотупда қўлимизга илинганини оламизу қайтамиз. Қутиларни очиб, текшириб кўришга вақт борми? — унинг ҳадигини англаш қийин эмасди.
— Икки соат аввал сиздан дафтар сотиб олгандим, уйга бориб қарасам, мана бунақа, дея дафтарни унинг қўлига тутқаздим.
У ҳайратланганча, дафтарни ағдариб кўрди-да, нима қилибди, опа, юрагимни ёрдингизку! — деди. 
Мен ўзимни босиб олиб унга муқовадаги хатони кўрсатдим ва ўзим ҳам шошилиб харид қилганимни тан олдим. 
— Опажон, — деди у чуқур тин олиб, — мактабда яхши ўқимаганим учун ўқишгаям киролмадим. Турмушга узатишди. Икки болам бор. Хўжайиним ҳам ўқимаган, кунлик ишга чиқади. Унга ёрдам бўлсин деб ҳар йили июль-августда савдога чиқаман. Ҳарна рўзғорга қарашаман. Ўзим бир чаласавод бўлсам, дафтар юзидаги кимнинг сурати, нима ёзилган қаердан биламан. Уч-тўрт сўм қолсин деб шу ишни қиламан, саволларингизга буларни ишлаб чиқараётганлар жавоб берсин-да, — деди. 
Унинг гапларидан бармоқларимгача музлаб кетдим. Тадбиркорнинг манзилини қидирдим. Афсуски, дафтарнинг орқасида Ибн Сино ҳаётига оид қисқа ва хато маълумот, кўпайтириш жадвали ва «O‘quv daftari 12 varaq. O‘zbekistonda ishlab chiqarilgan» деган ёзувдан бошқа нарсани кўрмадим. 
— Уйингизда яна шундай дафтарлардан борми? — дедим. 
— Йўқ, ўн мингта олувдим. Бир ойда сотиб бўлдим. Энди шанба куни юкка борамиз. Бу сафар ҳушёрроқ бўламан. Опа, мен сиз айтган нарсаларни билганимда шу дафтарларни сотармидим. Садқаи сар эди пулимга куйсам ҳам. Қанча болани фикрини чалғитади энди,  улар.  Мендан харид қилган одамларни танисам эканки, сотган сифатсиз маҳсулотимни қайтариб олсам...
 Аёлнинг ҳорғин, пушаймонлик соя солган чеҳрасига қараб кўнглим озгина таскин топди. Оддий бир қишлоқ аёли билмасдан қилган ишидан изза бўлди. Аммо бугунги кунда кўплаб имкониятлардан чегарасиз фойдаланаётган, ўзини ақлли, зиёли, доно санаб, одамлар ишончини суиистеъмол қилаётган баъзи ҳовлиқма тадбиркорлар тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганларини, жамият илдизига болта ураётганликларини  қачон англаб етишаркин?   
             Дилрабо КАМОЛОВА.

комментариев