» » Дўст ачитиб гапирар... Тушунмадим, нима дедингиз?

Дўст ачитиб гапирар... Тушунмадим, нима дедингиз?

 Ўзига бек элмиз. Тилимизга Давлат тили мақоми берилганига ҳам ўттиз йил бўляпти. Бироқ ҳамон қонун-қоидалар, меъёрларга риоя қилмайдиганлар, ўзини «маданиятли» қилиб кўрсатиш учун учта-тўртта тилни аралаштириб гапирадиганлар орамизда талайгина.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, ҳатто халқ артистларининг кўрсатув ва тадбирларда «Шўтта», «бўтта», «бўвотти» сингари шевада ишлатиладиган сўзларни қўллаб гапиришлари ғоят ачинарлидир.

 «Зўр ТВ», «Миллий ТВ», «Севимли ТВ»лардаги кўрсатувлар давомида бошловчи, ҳатто журналистларнинг ҳар хил шевадаги сўз ва ибораларни қориштириб томошабинга етказиши кишининг  энсасини қотиради. «Манбу кўйнаглани чиройлилигини этмийсилами?», «Мунча гўзаллик қаттан», «Манувнақа қиб тугса бўладими?», «Қани, қани енгиларидан эшитийлик», «Шунақа демийсилами?» «Просто эттим, қўйдимд-э», «Хамири сал қаттувроқ бўлиши керейми?» сингари мурожаатлар жуда ёқимсиз кўриниш касб этмоқда. Наҳотки, томошабинга фикрларни адабий тилда содда ва равон, чиройли тарзда етказиш шунчалар қийин бўлса?! Ёки улар фақат шу шевада гаплашадиганлар учун тайёрланганми?!

Юқоридаги усулда суҳбатдоши эътиборини тортишга уриниш ёки ўзини кўп тилда сўзлаша оладигандек қилиб кўрсатиш замонавийлик эмас, аксинча, маданиятсизлик, савиясизлик, асосийси, ўз миллатига, тилига ҳурматсизлик белгиси эмасми?! Телевидение ва радио журналистлари эшиттириш ёки кўрсатув қатнашчиларидан адабий тил меъёрларига риоя этишларини қатъий талаб қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди, назаримизда. Истаймизми, йўқми, ёшлар омма диққат марказида турган инсонларнинг юриш-туриши, кийиниши, ҳатто гапиришигача тақлид қилишга уринади. Оқибати эса аён.

Фойдали маълумот олиш ёки вақтини мазмунли ўтказиш истагида зангори экран қаршисида ўтирган юртдошларнинг ҳурматини жойига қўйиш шарт. Ахборот таҳлилий дастурлари бу фикрлардан мустасно.

Миллий сериаллардаги қаҳрамонларнинг турли вилоятларнинг олис қишлоқларидан пойтахтга келган бўлишига қарамай, «вотти-воттилаши»ни режиссёрларнинг беэътиборлиги, актёр ва актрисаларнинг адабий тилимизга беписандлиги билан изоҳлаш мумкин.

Айрим тадбиркорлар ошхона, ресторан, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари номини русча ёки инглизча номлаб, камига рекламасини «қотириб» ташлашади. Сомсани самбўса, шўрвани шўрбо, мантини манту, дўлмани голубци, лағмонни лагман, чучварани барак, товуқли кабобни «чехамбели», аралаш гўштлардан пиширилган таомни «арабиские ассорти», паловни «ошнинг додаси» тарзида махсус тахталарга ёздириб қўйишибди. Аксарият гўзаллик «салон»ларининг таклиф этаётган хизматлари ҳам аралаш қуралаш тилда: «Қош териш, растушевка, татуаж, маникюр, педикюр, шлак, окрашивание, доғлани кеткизиш, причёска, укладка, стрижка, киприк қўйиш, макияж, мелирование, пёрушка». Наҳотки, буларни ўзбек тилда ёзиб бўлмаса, ёки «клиентлар» тушунишмайдими? Фикрларимизга шубҳа қилсангиз, кўчалар бўйлаб саёҳат қилинг. Соф ўзбек тили қоидаларига амал қилган ҳолда ёзилган битикларни саноқлигина учратишингизга аминмиз.

«Неправлигингни тан ол, мана свидителлар кўрди, зато мен прав эканманми», «Ойтишка, необичной причёска қилиб қўйинг», «Братан, стандарт олмалариздан беринг, день рождения бор, пастоянний шу ердан оламан», «Анализимни ответи нима бўлди?», «Всё равно, учир овозингни, ужи поздна», «Дажи мани виноват қиб қўйди», «Ужин вақти келаман», «Мунча грубий бўлмасанг»га ўхшаш гапларни, скидка, ремонт, приятний, зато, яркий, звук, ориентр, самасабой, причём, здачи, территория, зона, участка, парикмахер, студент, сервер, копия каби сўзларни эшитганда ёки айтганда парвоям қилмаймиз. Чунки улар тилимизга шу даражада сингиб кетганки, бошқа тиллардан ўзлашганлиги хаёлимизга ҳам келмайди.

Биз бу фикрларимиз билан кимларнидир қоралаш, чаласаводликда айблашдан йироқмиз. «Дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб», «Бирники мингга, мингники туманга» деган гаплар бежизга айтилмаган. Этагимиз оловга тегса, табиийки, барча кийимларга ўтиб, танамизни ҳам куйдиради. Буюк бобомиз Амир Темур таъкидлаганидек, «Бизким мулки Турон, амири Туркистонмиз. «Биз ким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи, туркнинг бош бўғинимиз». Демакки, қандай миллатга мансублигимизни, кимлигимизни, асосийси ҳур ва озод диёр фарзандлари эканлигимизни унутмайлик! Бизни бошқа халқлар тилини ўзлаштиришга, нутқимизда ажнабий сўзларни қўллашга ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ-ку! Ўзини маданиятли санаган киборларга кўр-кўрона эргашиш миллатимиз шаънини ерга уриш билан баробар эмасми?! Тенги-ю қиёси йўқ бойлигимиз, ўзлигимизни акс эттириб турадиган кўзгумизни асраб-авайлайлик! Юзига доғ тушишига, синишига йўл қўймайлик, аскинча уни чанг-тўзон ва ҳар қандай ёт унсурлардан ҳимоя қилайлик. Шундагина у шаффофлигини йўқотмай, келажак авлодларга ҳам ёруғ машъала вазифасини ўтайди.

Хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирдик. 
Дилрабо КАМОЛОВА.

комментариев