» » Муддатидан олдин овоз бериш мумкин

Муддатидан олдин овоз бериш мумкин

— Сайловда  муддатидан   олдин  овоз  бериш  тартибини тушунтириб берсангиз?

А.БОБОҚУЛОВ,

«Истиқлол»  маҳалла фуқаролар йиғини.



— Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг  57-моддасида муддатидан олдин овоз бериш тартиби белгиланган. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади.

     

— Деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер майдонида уй-жой қуриш мумкинми?

                   Ж. ПАРМОНОВ,

 «Қўшчинор» маҳалла фуқаролар йиғини.


— Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 55-моддасида Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади. Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди. 

Деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкаларининг аниқ ўлчамлари ер ресурсларининг мавжудлиги, аҳолининг зичлигига қараб белгиланади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг ижобий хулосаси асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. 

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин. 

Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради. 

Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризачига ер участкаси бериш бўйича асослантирилган рад жавобини юборади. 


— Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашда қандай ўзгаришлар бўлди?

Г. ХУШНАЗАРОВА,

 «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини.


— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (588-сон, 15.07.2019 й.).

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, 8-10 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига 1 ходим ҳисобидан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг малакали мутахассислари бириктирилади. Олдин туман молия органлари мутахассисларидан ходим бириктирилган.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи (доимий ёки асосан яшаб турган жойи) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайинланади. Илгари фақат доимий яшаш жойи (доимий прописка) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайинланган.

Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун ўртача ойлик жами даромадни ҳисоблаб чиқишда «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинганидан охирги ойда оилавий тадбиркорликни амалга оширишда олинган даромадлар оиланинг жами даромадига киритилмайди.


Саволларга туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ў. АҲАТОВ берди.

комментариев