» » ҚИЛМИШ УЧУН – ҚАМОҚ ЖАЗОСИ

ҚИЛМИШ УЧУН – ҚАМОҚ ЖАЗОСИ

Жиноят ва жазо

Жиноят - давлат қонунчилигининг қўпол бузилиши булиб, бу унга йўл қўйган шахснинг жамиятдаги обрўсига путур етказади, моддий ва маънавий зарар кўришига сабабчи бўлади, энг ёмони - оиласи ва яқинларидан айириб, озодликдан маҳрум қилади.

 Халқимизда “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деган нақл бор. Лекин... бу нақлга “Ғуломов Абдулла” ва “Алиев Нурмат” (исм ва шарифлар шартли танланган) амал қилмайди. “Ғуломов Абдулла” жиноий қилмиши учун аввал ҳам икки марта судланиб, биринчисида 5 йил 6 ой, иккинчисида 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди. Афсуски, у бундан зарур хулоса чикармади, яна жиноятга кўл урди.


А. Ғуломов фойдали меҳнат қилиб эмас, осон йўл билан пул топишни истаб қолди. Шу мақсадда 2018 йил баҳорида «Кафтархона» маҳалласидаги уйининг томорқасига “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, у пишганидан сўнг “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотиш учун тайёрлади.
У гиёҳванд модда савдосига ҳамкорлик қилиш учун «Элобод» маҳалласида яшовчи таниши «Алиев Нурмат»га таклифини айтди. Шу тариқа икки шерик “ноқонуний савдо”ни бошлаб юборишди.
2019 йил 7 февраль куни 140 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини “Жора” ва “Боря” исмли шахсларга 800.000 сўмга сотаётган вақтда вилоят ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан жиноий қилмишлари фош этилди ва ҳар иккови ҳам қўлга олинди. 


Текшириш чоғида эса Н. Алиевнинг ёнидан яна 5 грамм гиёҳванд модда топилди. У тергов жараёнида бу гиёҳванд моддани ўзи истеъмол қилиш учун А. Ғуломовдан олганлигини тан олди.
Ҳар икки гиёҳвандфурушнинг жиноий қилмишлари гувоҳлар кўрсатмаларида ҳам тасдиқланди. Жиноят ишлари буйича туман судида Ғуломов Абдулла Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси, 5-қисми билан айбдор деб топилди ва илгари тайинланган жиноий жазосининг ўталмай қолган қисмини ҳам қўшиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Алиев Нурмат ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси, 5-қисми билан айбдор деб топилиб, узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.


Шу тариқа осон пул топиш мақсадида қонунни қўпол равишда бузган гиёҳвандфурушлар қилмиши фош этилиб, қинғир ишларига чек қўйилди. 


Бугунги кунда ушбу жирканч иллатнинг орқасидан жамиятда салбий оқибатлар, уларни истеъмол қилиш натижасида эса аҳоли генефондининг зарарланиши каби ҳолатлар юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли офатлардан асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини яна бир бор англамоғимиз даркор. 


Пўлат ҒАФФОРОВ.

комментариев