» » Сўз ва фикр эркинлиги фаолиятимиз мезони

Сўз ва фикр эркинлиги фаолиятимиз мезони

Жамиятимизнинг равнақ топишида ва гуллаб яшнашида оммавий ахборот воситалари ходимлари, газета ва журналлар таҳририятларида, интернет тармоқларида ижод қилиб, фидойилик намуналарини кўрсатаётган мухбирлар, блогерлар, тележурналистлар ва бошқа ижодий ходимларнинг ҳиссаси бениҳоя каттадир. Негаки, ҳаётдаги ҳар бир янгилик, ўзгариш, ҳодиса энг аввало, уларнинг қалбида акс-садо беради ва тезда оммага етиб боради. Давр билан ҳамқадам, ҳатто ундан-да илдам юрадиган бу инсонларга одамлар қаттиқ ишонадилар. Шундай экан, воқеликни нотўғри талқин қилишга, шошма-шошарлик билан асосланмаган хулосалар чиқаришга матбуот ходимининг асло ҳаққи йўқ. Ҳар бир воқеа-ҳодиса тафсилоти, ҳар бир жумла, қўлланаётган сўз ва рақам журналистнинг тафаккур чиғириғидан ўтмоғи, ўта аниқ бўлмоғи лозим. Бу қатъий қоида қаламкаш зиммасига катта масъулият юклайди.


Шу жиҳатдан олиб қараганда, туман «Қўшчинор» газетаси таҳририяти ижодий ходимлари ўз вазифаларига юқоридаги талаблардан келиб чиққан ҳолда  ёндошмоқдалар, дейишимиз учун барча асослар бор. Таҳририятда ўз соҳасини яхши биладиган, газетхон олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қиладиган журналистлардан иборат аҳил жамоа фаолият кўрсатмоқда. Абдулла Нисоров,  Гўзал Музаффарова, Дилрабо Камолова каби ижодий ходимлар шулар жумласидандир. Ёш суратчи мухбир Азиз Орзимуродов устозлардан маҳорат сирларини қунт билан ўрганмоқда.
Ижодий жамоа коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида ҳам белгиланган хавфсизлик  қоидаларига тўлиқ  риоя қилган ҳолда газетанинг бир нечта сонини чоп этганлигини таъкидлаш лозим. 
Шу ўринда муассис — туман ҳокимлиги томонидан  таҳририят ходимларининг самарали ижод  қилиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлаш керак. 2019 йилда туман ҳокими Б. Бобоназаров ташаббуси ва раҳбарлиги остида таҳририят биносининг тубдан таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этганлиги, замонавий жиҳозлар билан таъминланганлиги фикримизнинг яққол далилидир.Бунёдкорлик ишларида туман ҳокимининг ўринбосари Т. Ўожиқулов ҳамда саховатпеша ҳомийлар катта ҳисса қўшдилар. Уларга таҳририят ходимлари номидан миннатдорчилик билдирамиз. 
Ўз навбатида биз ҳам газета саҳифаларида чоп этилаётган мақола ва бошқа материалларнинг савиясини юксалтиришга, журналистлармизнинг ошкора ва эркин фикрлаши учун яна ҳам кенгроқ йўл очиб беришга, пировардида газетанинг оммабоплигини оширишга ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга газетанинг расмий ВЕБ-сайтини ҳар томонлама такомиллаштиришга эътибор қаратамиз.
Барча ҳамкасбларимизни, таҳририятимизнинг асосий таянчи бўлган жамоатчи мухбирларимизни яна бир бор  Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни билан чин юракдан муборакбод қиламиз.
        Мўътабар ЙЎЛДОШЕВА,
  «Қўшчинор» газетаси муҳаррири
.

комментариев