» » Абитуриентлар ҳужжатларини қандай тартибда ва қаердан рўйхатдан ўтказиши мумкин?

Абитуриентлар ҳужжатларини қандай тартибда ва қаердан рўйхатдан ўтказиши мумкин?

- Абитуриентлар my.gov.uz ёки abitur.dtm.uz веб сайтлари орқали онлайн тарзда ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишлари мумкин.Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг тасдиқлаб берган ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам ҳужжат топшириш мумкин.Айрим тоифа абитуриентлар, яъни фуқаролиги бўлмаган шахсларгина ОТМларга бориб ҳужжатларини рўйхатдан ўтказади.

- Нега онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентнинг расми чиқмай қолиши кузатиляпти?

- Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтаётганда қуйидагиларга эътибор беришлари керак:
•    Биринчи навбатда, рўйхатдан ўтаётган телефон рақами шахсий ўзиники бўлишлиги;
•    Паролни яратишда алоҳида эътиборли бўлишлик (тез ёдда сақлаб қоладиган қилиб яратиш, масалан, паспорт серияси ва рақами АА0000001);
•    Жисмоний шахснинг инденфикацион рақамини тўғри аниқлаб олиш ва ҳоказо.
Юқоридаги маълумотлар тўғри киритилса, тизим Давлат персоналлаштириш марказидан маълумотларни юклаб олади.
Тўғри, бугунга келиб олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида ҳужжатларини рўйхатдан ўтказишда мурожаат қилувчилар сони кескин ошмоқда. Бу эса тизимнинг катта юкланишлар билан ишлашига олиб келмоқда. Буларнинг олдини олиш мақсадида тизимда абитуриентнинг расмини кўрсатмаслик тизим томонидан бажарилмоқда. Бу хатолик эмас. Тизим юкланишлар камайиши билан расмларнинг кўрсатилишини таъминлайди.

- Онлайн ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида қандай ҳужжатлар керак бўлади?

- 1. Паспорт;
2.    Шаҳодатнома ёки диплом;
3.    Имтиёз берувчи ҳужжат (агар эга бўлсангиз).
 Бу ҳужжатларнинг асли ёки сканер қилинган нусхаси талаб қилинмайди. Фақатгина ҳужжатлардаги маълумотлар тизимга киритилади, холос.
Агар абитуриентда имтиёз берувчи ҳужжатлар бўладиган бўлса, ушбу ҳужжатнинг сканер қилинган ёки оддий расмга олинган шаклда, дастурдаги махсус юклаш қисми ёрдамида сақланади.

- Онлайн ҳужжат топшириш жараёни қачонгача давом этади? Маълумотларга ўзгартириш киритиш мумкинми?

- Ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилгандан сўнг аризага 20 июлгача ўзгартириш киритиш мумкин. Масалан, абитуриент таълим йўналишини ўзгартириши ёки имтиёз берадиган ҳужжатни қўшиб қўйиши мумкин. Шунингдек, хатоликка йўл қўйилган бўлса, тузатиш мумкин.
Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июль санаси, шу куни соат 24:00 гача давом этади.

- Бир киши бир нечта телефон орқали бир неча марта онлайн ариза топшира оладими?

- Йўқ, бир киши фақат бир марта ариза юбора олади. 2-3 та телефон рақами орқали 2-3 марта ариза юбориб бўлмайди.
Битта телефон рақами орқали фақат бир марта рўйхатдан ўтиш мумкин. Шунингдек, 2-3 киши битта телефон рақами орқали рўйхатдан ўта олмайди.

- Рўйхатдан ўтишда тўлов қай тартибда амалга оширилади? Кимлар тўлов қилади?

- Жорий йилдан олдинги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар (I, II гуруҳ ногиронлари, тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар, бундан мустасно) тўловни амалга оширади. 
Онлайн рўйхатдан ўтиш тизимида пластик карталар орқали онлайн тўлаш мумкин. Бунинг учун онлайн ҳужжат топшираётганда пластик карта маълумотларини киритиб, тўлаш тугмасини боссангиз, пластик карта уланган картага СМС келади ва шу орқали тўловни амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, тизимда чиқариб берилган инвойс орқали исталган банк филиалларида тўлаш мумкин.
Абитуриент тестга келмаса, пул қайтариб берилмайди.
Фақат ижодий имтиҳонлардан иборат бўлган йўналишларга топширган абитуриентлардан тўлов ундирилмайди. Шунинг учун тизимда бундай абитуриентлар учун инвойс шакллантирилмайди. Агар ижодий имтиҳонлардан иборат йўналишларни танлаган абитуриентлар адашиб тўлов қилиб қўйса, уларга пуллари қайтариб берилади.

- Карантин чекловлари яна кучайтирилмоқда, тест синовлари онлайн тарзда ўтказилиши мумкинми?

- 2020 йил 8 июль куни бўлиб ўтган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг ахбороти юзасидан матбуот анжуманидан сўнг турли манбаларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4319-сон “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Шуни маълум қиламизки, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби ўзгармаган. Агар республика махсус комиссияси томонидан карантин муддатлари узайтириладиган бўлса, тест синовларини ўтказиш муддатлари ўзгариши мумкин.

Саволларга Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи в.б. Воҳид СИРЛИБОЕВ жавоб берди.

комментариев