» » «ТЎРТ ОЙДАН БУЁН САРСОНМИЗ»

«ТЎРТ ОЙДАН БУЁН САРСОНМИЗ»

Ёхуд Сарибозор маҳалласидаги муаммолар қачон бартараф этилади?

Таҳририятимизга туманимизнинг Сарибозор маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан шикоят аризаси келиб тушди. Унда 2018 йилда фойдаланишга топширилган янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзонлаштирилган уй-жойлардаги камчилик ва муаммолар баён этилган. Қуйида мазкур шикоятнинг мазмунини келтириб ўтамиз:
Биз яшаётган намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойларда муаммолар мавжуд. Жумладан, тўрт ойдан буён ичимлик сувининг йўқлиги яна кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараяпти. Яъни иситиш тизими ишламайди, ҳожатхона, ҳаммомдан фойдалана олмаяпмиз. Йўллар асфальт қилинмаган, боз устига ёмғир ва қор сувларининг чиқиб кетиши учун йўл йўқ. Шу сабабдан оқова суви ҳовлига кираяпти. Оқибатда уй деворлари намиқиб ёрилаяпти. Эшиклар яхши ёпилмайди. Ички деворлар моғорлаяпти. 
Шунингдек, қурилиш лойиҳасида асосий кўча 12 метр бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ, кўчанинг ярмини маҳалла фуқаролари ноқонуний равишда эгаллаб олиб, уй-жой қуриб олишган. Айни дамда йўл 6 метрни ташкил этади. Бундан ташқари, мазкур турар-жойда маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, савдо дўкони ва автотураргоҳ бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Биз юқоридаги муаммолар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига бир неча бор оғзаки ва ёзма равишда мурожаат этдик. Ҳатто, сектор раҳбари — туман ички ишлар бўлими бошлиғи М. Шермуҳаммедовга, туман прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тойлоқ туман Халқ қабулхонасига ҳам маълум қилдик. Бироқ, ҳеч қандай ўзгариш сезилмади. Шундан сўнг мазкур уйларнинг қурувчиси «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Самарқанд вилояти филиалининг собиқ раҳбари Олим Очилов билан учрашдик. Ҳар гал борганимизда «Муаммони 2-3 кунда «ечамиз», деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб юбораверди. Қайта-қайта бораверганимиздан сўнг компания ходими Одил Мухторов келиб, муаммони «ўрганиб» кетди. Аммо... 
Келиб-кетувчиларнинг барчаси бир хил жавобни айтишади: «Ҳаммасини ҳал қиламиз». Ҳал бўлишини биламиз. Лекин қачон? Мана тўрт ойдан буён сарсонмиз. Кирмаган эшигимиз қолмади...
Муаммони ўрганиш учун туман ҳокимлиги қурилиш ишлари бўлими мутасаддилари билан биргаликда Сарибозор маҳалласига борганмизда бу ердаги масала чиндан ҳам жиддий эканлигига амин бўлдик. Бирпасда атрофимизни одамлар ўраб олиб, вазиятни тушунтира кетишди. 
 — Сиз ҳаво яхши, ерлардан нам қочган вақтда келдингиз-да, — дейди шу уйларнинг бирида яшовчи Ихтиёр Эшпўлатов. — Бу ердаги ҳолатни ёмғир ёққанида кўрсангиз эди. Кўча ҳовлига нисбатан анчагина баланд. Шу туфайли ёмғир суви ҳовлиларга киради. Оқибати, мана, — дея намиққан, ёрилиб, сирти кўчган деворларга ишора қилди.   
— Уй учун тўланадиган кредит пулини бир-икки кун кечиктирсангиз, туғилганингизга пушаймон қилдиришади. Лекин, бу ердаги камчиликлар, муаммолар билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. Шунча тўловга яраша, яхши шароитда яшашга ҳаққимиз борку, — дея  бошқалар ҳам ўз фикрини билдирди. 
Юқоридаги ҳолат бўйича туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Хуршид ака Тўхтаевдан изоҳ сўрадик.  
— 2018 йилда Сарибозор маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳа асосида 32 та арзонлаштирилган уй-жойлар қурилган. Қурилиш ишларини «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Самарқанд вилояти филиали ўз зиммасига олган. Ичимлик суви ва йўлларни соз-лаш ҳам уларнинг вазифасига киради. Бу ерда биз қиладиган иш аҳоли томонидан ноқонуний равишда қуриб олинган 3 та уйни бузиб, йўлни кенгайтириш ҳамда қолган юмушларнинг бажарилишини назорат қилишдан иборат. 
Аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган яна бир ҳолатга изоҳ бермоқчиман. Улар айтаётган автотураргоҳ, болалар майдончаси, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари учун очиқ ер майдони йўқлиги туфайли қурилиш лойиҳасига киритилмаган. Шу сабабли уларнинг бу талабларини қондира олмаймиз.  
Шу ўринда бизга ҳамроҳлик қилган «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Самарқанд вилояти филиали ходими Шерзод Қосимовга юзландик.
— Мазкур уй-жойларга тегишли йўлларни асфальтлаш ишлари 2019 йил дастурига киритилган. Сув минораси ҳам ўрнатилган, бир-икки кун орасида хонадонлар ичимлик суви билан таъминланади. Асосий йўлларга тош тўкилиб, ички йўлакларнинг тупроғи олинади ва текисланади, -дея юқоридаги муаммоларни бартараф этиш учун биздан уч кун муҳлат сўрашди.          
Аммо орадан уч кун эмас ўн кун вақт ўтди ҳамки вазият тўлиқлигича ўзгармади. Яъни ичимлик суви ҳали ҳамон йўқ. Қор ва ёмғир сувлари учун йўл очиш, кўчаларга тош тўкиш, йўлни кенгайтириш кабилар бажарилмаган. Уч кунда битадиган иш учун бир йил муддат берсак ҳам муаммо ҳал бўлмаслигини тушундик ва яна «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиали билан боғландик. Улардан: «Ичимлик сувини вақтинча фойдаланиб туриш учун чиқариб берган эдик. Вақтинча деганимиз сув тозаловчи ускуна келгунга қадар. Лекин хонадон соҳиблари рози бўлмади. Бу ускуна пойтахтдан буюртма асосида келтирилади. Қолган ишлар ҳам босқичма-босқич йил сўнггига қадар амалга оширилади», деган жавобни олдик. 
Шикоят аризасини ўрганиш чоғида, муаммо жойига чақиртирилган «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиали ходимининг «Бу ерда газетчиларга нима бор экан?» деган изтеҳзоли гапи бехосдан қулоғимга чалинган эди. Энди биз ҳам уларга қарата бир гап айтмоқчимиз: Сиз вазифангизни каму кўстсиз, вақтида, эътирозларга сабаб бўлмайдиган даражада уддаласангиз, бизнинг ҳам сиз билан ишимиз йўқ!
Нигина РАҲМАТОВА.  


комментариев