УЙДА ҚОЛИНГ!

Имом-хатиб даъвати

Ёру  дўстлар, чиқмай туринг уйингиздан, Фаришталар айлансинлар бўйингиздан,
Эҳсон қилинг,  қолиб турган тўйингиздан, 
Уйда қолинг, фақат бугун уйда қолинг! 


Бандасига  ўз-ўзидан  бало келмас, 
Куни битмай, ризқ тугамай, қазо келмас,
Ким ёмондир – Парвардигор ризо бўлмас,
Уйда қолинг, азизларим, уйда колинг!


Гоҳ Тангрига тавба қилмас банда бўлдик,
Гоҳо ҳаё, ибо билмас  банда  бўлдик,
Мол-дунё, деб яхшиларга ханда бўлдик,
Уйда қолинг, азизларим,  уйда қолинг!


Намоз деса қочиб юрар  «бечора»лар, 
Ресторандир топган жойи – юзқоралар, 
Қандай етсин Оллоҳимга бу нолалар?! 
Уйда қолинг, азизларим, уйда қолинг! 


Гоҳо Шайтон  гапирганда «Лаббай!», дедик, 
Оллоҳ закот бергин деса, «Ҳай-ҳай...» дедик, 
Садақани бермай туриб, «Хай-хай..», дедик, 
Уйда қолинг, азизларим,  уйда қолинг! 


Садақадур радди бало билганларга, 
Ихлос бирла  бунга амал қилганларга, 
Фойда қилмас ёлғон билиб, кулганларга, 
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг! 


Ота-она ҳурматини гоҳ билмадик, 
Бизга қилган хизматини гоҳ билмадик, 
Оға-ини иззатини гоҳ билмадик, 
Уйда қолинг азизларим,  уйда қолинг!


Юртбошимиз бошимизда парвоналар,
Паноҳ топар юрт аҳли-ю бегоналар,
Дуо қилинг уйда қолиб, эй, оғалар,
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг!


Шифокорлар бало билан юзлашдилар,
Даф бўлсин, деб шижоат-ла сўзлашдилар.
Меҳр-шифо, юзлаб бемор  кўз очдилар,
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг!


Бу дард бирла  ўтганларни шаҳид, дерлар,
Ортда бўзлаб қолганларни ғариб, дерлар,
Бу балога Ҳақнинг ўзи табиб дерлар,
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг!


Юртимизда кексалар бор, болалар бор,
Очилмаган гулғунча-ю лолалар бор, 
Худо асрар, банда қилган нолалар бор, 
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг! 


Келинг, энди дуо қилиб йиғлашайлик, 
Бу офат-ла  уйда қолиб курашайлик, 
Юртимиздан бало кетсин, кўп яшайлик,
Уйда қолинг азизларим, уйда қолинг! 


Аминий ҳам элга айтди бу сўзини, 
Ёшлар бирлан ғарқ айлабон ўз кўзини, 
Дуо қилинг, ҳомийларнинг нон тузини, 
Уйда қолинг азизларим – уйда қолинг! 


 АМИНИЙ (Ҳасан БЎСТОНОВ),
Хожа Ориф жомъе масжиди имом-хатиби.

комментариев