» » Туман ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табриги

Туман ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табриги

   Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим! 
   Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор нашидаси тобора кучайиб бораётган айни шу фусункор айёмда сизларнинг 8 март – Халқаро хотин-қизларбайрами билан ўз номимдан, қолаверса,туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
   Мана шу байрам кунларида биз – юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз. 
   Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 
   Чиндан ҳам, ўзининг беқиёс меҳри ва фидойилиги, сабр-қаноати ва чидамлилиги билан хонадонларимизда, бутун жамиятимизда тинчлик-хотиржамлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб, ҳаётимизга файзу тароват бағишлайдиган, тунлари бедор бўлиб, болаларимизни баркамол инсонлар, Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари этиб вояга етказадиган меҳрибон ва оқила аёлларимизни ҳар қанча ардоқласак, бошимизга кўтарсак арзийди.
           Ҳурматли тойлоқликлар! 
   Биз ўз олдимизга қўйган олий мақсадимизга эришиш йўлида, яъни туманимизни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, мухтасар қилиб айтганда, бугун Ўзбекистонимиз қўлга киритаётган улкан марраларда – бу қайси соҳа, қайси касб-ҳунар бўлмасин, уларнинг барчасида аёлларимизнинг муносиб, буюк ҳиссаси борлигини миннатдорлик билан таъкидлаймиз. 
    Бу ҳақда гапирганда, хотин-қизларимизнинг нафақат кундалик турмушда, балки давлат миқёсидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда ўрни ва роли тобора ортиб бораётганини алоҳида қайд этишни зарур деб биламан. 
   Бугунги кунда Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман кенгашлари депутатлари орасида ҳам аёлларимизнинг борлиги қувонарли ҳол, қолаверса, маҳаллий ҳокимият, банк, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш тармоқларида, ижтимоий соҳада қанчадан-қанча опа-сингилларимиз эл-юрт манфаати учун жонбозлик билан хизмат қилаётганини ҳурмат билан эътироф этамиз. Хусусан,  келажак авлод таълим-тарбияси учун умрини бахшида этиб келаётган  3-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Дилором Ибодуллаева, 8-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Комуна Ҳамроқулова, 4-мактаб ўқитувчиси Нодира Норбоева, 29-мактабнинг директор ўринбосари Гулбаҳор Содиқова сингарибарча педагог хотин-қизларни, шунингдек, банк соҳасида фаолият юритаётган Нилуфар Ҳасанова,туманимизнинг кўзга кўринган ҳунармандларидан Наврўза Ҳасанова, аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган Украч оилавий поликлиникаси бош шифокори Соҳиба Ҳасанова, Олмазор оилавий шифокор пункти тозалик бекаси Хуршида Дониёрова, Ғўлба ОШП патронаж ҳамшираси Муқаддас Ҳамроева,  туман кўп тармоқли оилавий поликлиникаси шифокори Барчин Вафоева, қолаверса, жамиятимиз тараққиётини бугунги юксак босқичга кўтаришда дунёда ўхшаши кам бўлган ноёб тузилма – оила,  хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича махалла раисининг ўринбосари бўлиб ишлаётган – Робия Салоҳиддинова, Гулнора Мирзаева, Мунаввар Раҳмонова, Насиба Бобоназарова сингари  кўпни кўрган, жонкуяр опа-сингилларимизнинг, қолаверса, меҳнат фахрийлари, кекса онахонларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради. Барча соҳада юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётган ана шундай жокуяр хотин-қизларимизни ўз номимдан, халқимиз номидан самимий қутлайман. 
   Азиз ва қадрли опа-сингилларим, муҳтарама онахонлар! 
   Мана шу қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман. 
Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин!  Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!  Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлинг!

комментариев