» » ГУЛ УНАДИ БОСГАН ИЗИДАН

ГУЛ УНАДИ БОСГАН ИЗИДАН

Аёл — Аллоҳ Таоло яратган энг буюк мўжиза.  У – она, у — рафиқа, у — опа, у — сингил. У — меҳр-муҳаббат рамзи.  Табиат азиз қилган, мунис ва мушфиқликни, эзгулик ва нафосатни абадий фазилат қилиб берган ана шундай аёлларимиздан бири бахшитепалик Зайнаб опа Қурбоновадир. Бу дилбар аёл – наинки оилага, балки бутун қишлоққа аҳиллик, тотувлик бахш этган меҳр-оқибат  тимсоли! Таъбир жоиз бўлса — маҳалланинг Онаси!

1972 йилда Самарқанд Давлат қишлоқ хўжалиги институтини тугатиб, 1996 йилга қадар Улуғбек номли ширкат хўжалигида бригадирлик вазифасида ишлаган Зайнаб Қурбонова қишлоқ хўжалиги соҳасини  ривожлантириш бўйича ҳам самарали меҳнат қилди. Ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил олишга, режани ортиғи билан бажаришга эришди. Самарали меҳнатдан сўнг меҳнаткашларнинг маданий дам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратди. 1996 йилдан 2008 йилгача Бахшитепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлади. Юзлаб хонадонларнинг муаммоларини бартараф этишда, маҳаллани ободонлаштиришда, гузарлар ташкил этишда жонбозлик кўрсатди. Замонавий, янги маҳалла маркази биносини қуришда бош-қош бўлди. Шу билан бир қаторда туман хотин-қизлар қўмитаси бошқарув аъзоси сифатида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларнинг шаклланиши ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олишда, жамоат ишларида фаол иштирок этди. Маҳалла аҳли доимо элнинг ташвиши билан яшаётган опанинг ортидан: «Гул унади босган изидан, нур ёғилар кулса юзидан», деб алқаб қолади. Элнинг розилиги учун қилган меҳнати  иттифоқ даврида «Меҳнат Қизил байроқ», «Ҳурмат белгиси» орденлари, давлатимиз томонидан   «Шуҳрат» медали ва бир қанча кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Айни пайтда  табаррук 70 ёшини қаршилаётган Зайнаб Қурбонова 7 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, 32 нафар набира ва 17 нафар эвараларнинг севимли бувижониси. Ҳамон ғайрат ва шижоатга тўлиқ қалб билан маҳалла ишларига яқин кўмакдош Зайнаб опа Қурбоновани таваллуд кунлари билан самимий қутлаймиз!   

    

комментариев