» » ДАРДГА МАЛҲАМ ЭКАН – ЯХШИ ОДАМЛАР...

ДАРДГА МАЛҲАМ ЭКАН – ЯХШИ ОДАМЛАР...

ёхуд тақдирнинг ногаҳоний зарбасига метин бардошини қалқон қилган Онаизор қалби нидоси
... 2017 йилнинг  Наврўз айёми арафасидаги тонгларидан бири, аниқроғи 16 март субҳидами оиламизга  узоқ кутилган  қувончли дамларни тортиқ этди; ёлғизгина  ўғлим, кўзимнинг нури Ферузжонимнинг бошини осмонга етказиб, келиним, икки қиздан  кейин паҳлавондек ўғил  неварам – Шаҳрузжонни дунёга келтирди,  Ўша чароғон кунда хонадонимиздан  гўё Жаннат ифори таралгандек бўлди, чамамда. Севинчи ичига сиғмай кетган нуридийдам, қўй сўйиб, қишлоқ аҳлига  қишлоқ аҳлига  Наврўз таоми – ҳалим қилиб берди...                           
Бироз муддат ўтгач, рўзғор ташвиши сабабли  ҳамда ширин орзулар билан ўғлоним ҳали ҳидига ҳам тўйиб улгурмаган  йигирма кунлик чақалоқни қолдириб Россияга йўл  олди. Ферузжонимни иш берувчининг ўзи чақириб олган эди. Уни соғ-омонликда сақлашини сўраб,  Аллоҳга илтижо қилмаган куним йўқ эди...  Аммо... Кўргилик экан; яхшигина ишлаб, оилани моддий таъминлаб турган болажонимга етти ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач, ногаҳоний ажал  чанг солди... Машъум воқеа бундай бўлган экан:  2017 йилнинг 12 ноябрида эски  ёқилғи шахобчасини бузиш асносида болажоним томга чиқибди.  Ўша ердан йиқилиб, бетон устунга қаттиқ урилибди.  Сўнг ўрнидан сакраб туриб:« Оҳ, бошим билан белимга бир нарса бўлди», деб, ёнбоши билан йиқилибди. Касалхонага боргунча, болам ҳамроҳларига: «Уйдагиларга айтманглар!», деб ёлворибди. Кўзимнинг оқу  қораси уч кун ўлим билан олишиб 15 ноябрь куни жон берибди.  Орадан бир кун ўтиб, яъни 16 ноябрда бизга шум хабар келди... Шифокорлар мени укол  қилиб «ухлатиб» қўйишибди. Шўрлик келинимнинг эмизикли боласи борлиги учун унга  бундай муолажа  қилишмапти; ҳушидан кетган заҳоти ўзига келтираверишибди. Шу аснода келин-қизим бот-бот ўзидан кетиб қоладиган бўлди. Бунинг устига таъзия маросимлари ўтиб бўлгач, руҳиятида ҳам ўзгаришлар сезила  бошлади.Бу синовлар қанчалик оғир бўлмасин,  уларни сабр-бардош билан енгишга аҳд қилдим. 3 йил давомида невролог ва руҳшунос шифокорлар даволашди. Оллоҳимнинг карами кенг экан; келиним соғайди,( Илоҳо тузалгани  рост бўлсин). Шундай кунларнинг бирида тақдирнинг ўзи бизга мурувват кўрсатиб, олижаноб, оқ кўнгил  ва отамиздек ғамхўр инсон ¬ туманимиз ҳокими Баҳодир ака Бобоназаров билан учраштирди.  «Ҳоким бобо»нинг бевосита кўмаги билан келиним ўқиб касб ўрганишга муваффақ бўлди, яхшигинаа ишга жойлашишга имкон топди. Бир сўз билан айтганда, туманимиз раҳбарининг шарофати ила хонадонимизга умид, ишонч  шабадаси, ғамдан зада бўлган қалбимизга  малҳам кириб келди.  Мен, келиним, мактабнинг бошланғич синфларида ўқиётган невара қизларим, шу йил 16 мартда тўрт ёшни қаршилаган Шаҳрузжон  бу бағрикенг ва саховатдил  инсондан ҳамиша  қарздормиз. Самарқандлик машҳур хонанда Насиба Абдуллаева ижросидаги «Яхши одамлар» қўшиғини ҳар гал тинглаганда, шу дарёдил инсон кўз олдимга  келаверади.  
Бу гал эса қўлга қалам олиб, қоғоз қоралашга тушдим:

...Сиз тунда бедорсиз, кундузда сергак,             
«Эл  дардин сўра!» деб амр этар юрак.             
Ором  шу-да, ўзга ором не керак?               
Сиз малҳам бўлдингиз, кетди  дардларим,      
Эл учун соғ бўлинг, Туман раҳбари!

Аллоҳ умрингизга берсин барака,              
Офтоб бошингиздан сочсин зар, Ака.            
Бош бўлинг, Тойлоқда борки маърака.     
Сиздек  камтар бўлар элнинг сарвари,           
Эл учун кўп яшанг, Туман раҳбари!
... Зеро, Ҳазрат Навоий айтганларидек, бир ғариб дилни шод этмоқ – вайрон бўлган Каъбани обод этмоқ билан баробардир.Шу маънода Аллоҳдан Баҳодир ака сингари олижаноб инсонлар юртимизнинг барча гўшаларида бўлишини сўрайман.

Инобат УСМОНОВА,
Ясситепа маҳалласида яшовчи фуқаро.

комментариев