» » ОДАМ САВДОСИ – АСР МУАММОСИ

ОДАМ САВДОСИ – АСР МУАММОСИ

Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатади.Мамлакатимизда ҳам амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучатирмоқда.Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил, 17 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни билан одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоа органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур қонунга кўра, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
-одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
-одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
-одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш;
-одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан ижтимоий ҳимоя қилиш;
-одам савдосига қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказишга доир фаолиятни, шунингдек ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш;
одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.
Ушбу жиноятга қарши курашиш мақсадида дунё бўйлаб, шу жумладан мамалкатимизда кенг қамровли тарғибот-ташқивот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардар бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.
Биргина Самарқанд вилоят судлари томонидан 2020 йилда 10 та жиноят иши 11 шахсга нисбатан кўрилган бўлиб, шундан 8 нафари аёл киши ва 1 нафари чет эл фуқароси ҳисобланади. 
Шунингдек, 2021 йилда 19 та жиноят иши 27 шахсга нисбатан кўрилган бўлиб, шундан 16 нафари аёл киши ва шундан 1 нафари олтмиш ёшдан ошган шахс ҳамда 13 нафари ўттиз ёшгача бўлган шахс ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, одам савдоси жиноятига фақат ушбу жиноятга қарши курашувчи идоралар эмас, аксинча ушбу идоралар билан бирга бутун бир жамият курашса, албатта ушбу жиноятни илдизи билан йўқ бўлишига олиб келади.

  Ж. Арсланов,
Самарқанд вилоят судининг 
                    жиноят ишлари бўйича судьяси.                             
  М.Эргашев,
Жиноят ишлари бўйича 
                        Тойлоқ туман судининг раиси.      
                                  

комментариев