» » Эски ҳаммом — эски тосми?!

Эски ҳаммом — эски тосми?!

    Мактабгача таълим соҳасида бўлаётган ислоҳотларни эътироф этаркансиз, албатта ривожланишни кўриб кўзингиз қувнайди. Кейинги йилларда мактабгача таълим муассасаларининг янги тармоғи шаклланиб бормоқда. Мисол тариқасида нодавлат мактабгача таълим муассасалари, қисқа муддатли мактабгача таълим муассасалари, болаларга хореография, тасвирий ва мусиқа санъати, компьютер саводхонлигини ўргатувчи гуруҳлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мактабгача ёшдаги болаларни «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари асосида тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратмоқда. 
Бугун вилоятимиз, шунингдек, ўзим яшайдиган Тойлоқ тумани мисолида келтирсам, мактабгача таълим ташкилотларининг сони кўпаяётгани, таълим соҳасига берилаётган эътибор олқишга лойиқ албатта. Биз келажак авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашимиз керак. Айнан шу масалада баъзи нуқсонлар кўзга ташланади. Бир қарашда улар арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо, шу соҳага бўлган қизиқишим, мени мактабгча таълим ташкилотларини ўрганишга ундади. Кузатишларим натижасида мени ўзига тортган масала мактабгача таълим муассасаларида деворларида туширилган суратлар бўлди. Нега мактабгача таълим муассасалари деворлари асосан, чет эл эртаклари  қаҳрамонларининг суратлари билан безалган. Бизнинг “Зумрад ва Қиммат” «Уч оға-ини ботирлар», «Олтин тарвуз», «Зўраки фолбин» ва «Ур, тўқмоқ» каби кўплаб эртак қаҳрамонлари қаерда қолди? 
 Мактабгача таълим ташкилотларида яратилган шарт-шароитларни кўриб албатта кўзингиз қувнайди, лекин рус ва бошқа  миллатга хос кўплаб эртак қаҳрамонларини учратиб дилингиз хира тортса ажаб эмас. Мен бу қаҳрамонларни кўрганимда ўзимни ҳали ҳануз собиқ  СССРнинг ғофиллик  даврига тушиб қолгандек ҳис қилдим. Буни қарангки мустақил бўлганимизга 30 йилдан кўп вақт ўтди. Миллий қадриятларимизга ўзаро ҳурматни шакллантириб бориш учун албатта болани шу муҳитда тарбияламоқ ҳам лозим эмасми? 
Ота-боболаримиз азал-азалдан бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратганлар.  Шундай экан биз қачон ўтмишимиз билан фахрландиган, керак бўлса уни ўзи учун қаҳрамон санайдиган ва унга талпиниб яшайдиган, унга ўхшашга ҳаракат қиладиган келажак авлодни тарбиялаймиз. Эзгулик ва ёвузлик, ичи қоралик каби сифатлар намоён бўлган “Тўғривой ва Эгривой”ни, меҳнатсеварлик ва ишёқмаслик қалқиб чиққан  “Зумрад ва Қиммат”ни, кишини доимо яхшиликка ундайдиган   "Сахий билан бахил"ни, яхшилик ва ёмонлик иллати сингдирилган "Бури билан тулки" каби  эртак қаҳрамонлари нега бир чеккада қолиб, “Қизил шапкача”-ю, “Буратино”, «Музлик даври», «Сеними, шошмай тур!», «Етти гоном» ва бошқа хорижий эртак қаҳрамонларига урғу берилган. 
Бу каби эртак қаҳрамонларидаги ижтимоий, ҳиссий, руҳий ҳолат биз хоҳласак ҳам хоҳламасак ҳам боланинг онг остида сақланиб қолади ва бир куни юзага чиқади. Бу билан тарихимизни, миллий қадриятларимизни, ўз миллийлигимизни унутмаслигимиз керак, демоқчиман.  
Биз ҳозирдан ҳаракатни бошлаб, фақат миллий эртак қаҳрамонларимизга урғу берсак, эртакдаги қаҳрамонларни эмас, реал ҳаётдаги қаҳрамонларни учратамиз.
Азизжон Орзимуродов
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд 
Давлат унивеситетининг
 Ўзбекистон-Финландия 
Педагогика институти Мактабгача таълим 
факултети 1-босқич талабаси.

комментариев