» » МУҲИМ ТАДБИРГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН

МУҲИМ ТАДБИРГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН

Бу борада туманимизда ҳам бирмунча ишлар амалга оширилмоқда. 

Аҳолини рўйхатга олишдан мақсад нима?  Биринчидан, аҳоли сони тўғрисидаги аниқ маълумотга эга бўламиз, иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, демографик ҳолат, аҳолининг жинси, ёши, миллати бўйича маълумотларни оламиз. Ушбу кўрсаткичлар иқтисодий ривожланиш дастурлари белгиланишида ёрдам беради.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 710-сонли қарорига мувофиқ, республикамизда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Аҳолини рўйхатга олиш уч босқични қамраб олади. Биринчиси - тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.
Бунда, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчиси - асосий босқич 10 кундан 60 кунгача даврни ўз ичига олади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Учинчи-босқичда аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олинади, олинган материаллар автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрланиб, бирламчи маълумотларни автоматлаштирилган дастурларга киритиш учун кодланади, назорат ва таҳрир қилинади, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олиниб, олинган натижалар эълон қилинади ва тарқатилади. Мазкур босқич 2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда амалга оширилади.                                Аҳолини рўйхатга олиш бир ой давом этса, бирламчи натижалар 2024 йилда эълон қилинади.                                             Рўйхатга олиш жараёнида ҳар бир рўйхатга олувчига аҳоли пунктининг харитасидан келиб чиққан ҳолда 350-450 кишидан, бориши қийин бўлган ва олис ҳудудларда аҳолининг сони ўртача 250 нафардан тақсимот қилиб берилади. Рўйхатга олувчи 12 кун муддат ичида белгиланган аҳолини тасдиқланган шакллар асосида уйма-уй юрган ҳолда рўйхатга олиб чиқади. Олинган маълумотларнинг сир сақланиши кафолатланади. Тўлдирилаётган шаклларда ҳар бир шахс тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, турар жойнинг хусусиятлари, яъни яшаш жойида мавжуд қулайликлар, шу жумладан санитария-гигиеник шароитлар, уй хўжалиги аъзолари томонидан узоқ вақт мобайнида фойдаланиладиган воситалар билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам олинади.                                 Ҳозирги пайтда дунёнинг деярли барча давлатларида биздаги каби  аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараённи муваффақиятли ва тўлақонли бажариш билан биргаликда республикамизнинг ҳар бир аҳоли пунктлари бўйича ягона ахборот базаси яратилади.

                  Тойлоқ туман статистика бўлими

комментариев