» » Чақалоқ савдоси жиноят

Чақалоқ савдоси жиноят

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда жами 114 нафар бола чақалоқ савдосидан жабрланган.Уларнинг деярли 90 фоизи 1 ёшгача бўлган болалардир.
2017–2021 йиллардаги ҳолатлар таҳлилига кўра, ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31 фоизи бу ишга оғир ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли,  17  фоизи  ҳомилани яширишга ҳаракат қилгани учун, 52 фоизи эса моддий манфаат топиш йўлида қўл урган.
Ўзбекистонда одам савдоси жиноятлари охирги 5 йилда 6 бараварга камайган, лекин унинг таркибида чақалоқ ва болалар савдоси салмоғи ҳар йили сурункали равишда ошиб бормоқда.
Дунё бўйича одам савдоси қурбонларининг 30 фоизи болалар ҳисобланади. Ўзбекистонда эса 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 28 фоизни,  2021 йилда  44 фоизни ташкил этган.
Сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан  жами 114 нафар бола жабрланиб, уларнинг асосий қисми, яъни  89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.
Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уради ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олишим керак, деган важни келтиришади.
Чақалоқ савдосида иштирок этганларнинг жиноий жавобгарликка тортилмаслиги бу жиноятнинг кўпайиб боришига замин яратмоқда.
Хусусан, фарзандини сотган ота-оналарнинг 38,8 фоизига, воситачиларнинг 5,2 фоизига қамоқ чораси қўлланилган. Қолганларга эса синов муддати, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш чоралари билан чекланилган.
Чақалоқ савдосида  тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этаётганлиги ачинарли хол, 2021 йилда бу жиноятларнинг 12,2 фоизи уларнинг воситачилигида амалга оширилган.
Туғуруқхоналарда чақалоқ савдосини амалга ошириш мақсадида аёлларнинг ҳомиладорлигини яшириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, фарзандини ўлди деб сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.
Бунга бир мисол янги туғилган чақалоғини  сотмоқчи  бўлган   аёлларнинг
75 фоизи оилавий, ҳудудий поликлиника рўйхатидан ўтмагани аниқланган.
Бу жиноятнинг кўпайиб боришига нималар сабаб бўляпти? Чақалоқ савдосига қарши кураш борасида давлат органларининг ҳамкорлиги бўйича яхлит тизим йўқ. Фертил (туғуруқ) ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш, ҳомиладорликнинг эрта босқичидан туғуруққача автоматлаштирилган тизим йўлга қўйилмаган.
Ҳомиладор аёллар тиббий кўригини ташкил этиш борасида патронаж ва умумий амалиёт шифокорларининг маҳалла, профилактика инспекторлари билан ҳамкорлиги самарали эмас. Шунингдек, аҳоли болани қонуний асраб олиш бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида,
- ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса
“Саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб белгилаб қўйилган.
О. Аллаев,
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ 
туман судининг раиси.
 

комментариев