» » Адабиёт ва ижод байрами: Тойлоқлик икки ижодкорнинг юбилейи нишонланди

Адабиёт ва ижод байрами: Тойлоқлик икки ижодкорнинг юбилейи нишонланди

Бугун Тойлоқ туман ҳокимлигида тойлоқлик икки ижодкор – шоир ва журналист Абдулла Нисорийнинг 65 йиллиги ҳамда фахрий журналист Умида Қурбонаванинг 60 йиллиги муносабати билан адабиий-бадиий учрашув бўлиб ўтди.
   Тойлоқ туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, Республика маънавият ва маърифат маркази Тойлоқ туман бўлинмаси ҳамда “Қўшчинор” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда  ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этишди.
     Тадбирдан сўз олганлар икки ижодкорнинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти, ўзбек адабиётидаги ўрни ва ижоди ҳақида фикр билдиришди.
  Журналист ва ғазалнавис шоир Абдулла Нисорий меҳнат фаолиятини Самарқанд туман маданият бўлими қошидаги устахонада безакчи-рассом вазифасидан бошлаб, мактабда ўқитувчи, туман халқ таълими бўлимида услубчи, туман “Қўшчинор” газетасида мухбир, муҳаррир ўринбосари ҳамда муҳаррир лавозимигача бўлган сермашаққат ижод йўлини босиб ўтди. У ўзининг равон тил, содда услубда, пишиқ-пухта ёзилган публицистик мақолалари ҳамда тожик ва ўзбек тилларида битилган ғазаллари, ўндан ортиқ шеърий ва насрий китоблари, жумладан, “Сен туғилган тонг”, “Хаёлим гулга бойланди”, “Бир даста гул”, “Ёрга мактуб”, “Туюқлар девони”, “Китоб ўқиган бола”, “Ўзбегим бошида қалпоқ” каби ижод намуналари орқали халқимизга маънавий озуқа улашмоқда.
  Тойлоқ туманида 1994 йилда ташкил этилган “Қўшчинор” газетасининг илк муҳаррири Умида Қурбонова 1986 йилда Лелинград давлат университетининг Журналистика факультетини тамомлаб, фаолиятини Самарқанд тумани “Билим” жамияти раиси вазифасидан бошлаган. Умида Қурбонова газетчиликнинг оғир дамларида фаолият юритди. Ўша дамларда газета ташкил этиб, уни оёққа қўйиш осон бўлмади. Шундай бўлсада Умида Қурбонова фаолиятининг 28 йилини “Қўшчинор” газетасига бағишлади.
     Тадбир давомида шоирлар ижодларидан намуналар ўқишди. Шунингдек, Тойлоқнинг хушовоз  хонандаси Нодира Тожиева ижросида жонли қўшиқ тингланди.
   Тадбир якунида юбилей соҳибларига ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Нигина РАҲМАТОВА,
туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

комментариев