» » Сомонни ёқиш мумкинми?

Сомонни ёқиш мумкинми?

Шу кунларда далаларимизда етиштирилган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. 

Ушбу мавсум деҳқон ва фермерларимиз учун ғоятда масъулиятли палла эканлиги табиий. Шу билан бирга улар зиммасига яна бир муҳим вазифа юкланадики, бунга бефарқ бўлиш қатор нохуш ва кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Гап ғалладан бўшаган майдонларда қолган поя ва сомонни ёқиб юборишнинг салбий оқибатлари ҳақида кетаётганлигини пайқаган бўлсангиз керак.

Бундай қилиш асло мумкин эмас! Чунки тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой, гумусли юқори қатлами ёнғин таъсирида қотиб ғоваклигини йўқотади. Барча микроорганизмлар ва фойдали ҳашоратлар нобуд бўлади. Бир гектар майдондаги бошоқли дон пояси ёқилса, ундан атмосферага  0.5 кг азот, 3 кг кул, қарийб 20 кг газ ва углерод оксиди каби зарарли моддалар тарқалади. Бу эса инсон саломатлиги ва табиий мувозанатга салбий таъсир қилади. Қолаверса, сомон ёқилиши оқибатида ернинг унумдор қатлами куяди, тупроқ ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Бундан ташқари, сомонни ёқиш чорванинг тайёр озуқа базасини нобуд қилиш билан баробарлигини ҳам унутмаслик керак. Шу билан бирга, бундай хатти-ҳаракат   атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказиш билан бирга ёнғин хавфини ҳам юзага келтиради. Шу боисдан  мутасадди идоралар билан биргаликда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, ушбу жараёнда сомонни ёқишнинг аянчли оқибатлари,бундай ҳолатларда қўлланиладиган қонуний жазо чоралари тарҚиботига урғу бериш фойдадан холи бўлмайди. 

Маълумот ўрнида яна шуни ҳам айтиш жоизки, Ўзбекистон  Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»нинг  88-моддаси 3-қисмида дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлосланишига олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача   миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган.


Илҳом ХУРРАМОВ,  

туман Экология ва атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш 

                                                                                                                                                                    инспекцияси инспектори.         

комментариев