» » Ариқ ахлатхона эмас!

Ариқ ахлатхона эмас!

Иссиқ кунлар ҳам бошланди. Туманимизда серсоя, серсув гўшалар талайгина. Қўтирбулоқ қишлоғидаги сўлим масканда, Зарафшон дарёси, Сиёб бўйларида ёз фаслида ҳордиқ чиқаришнинг гашти бўлакча.

Дам олиш куни Зарафшон дарёсига ҳордиқ чиқаришга борадиган бўлдик. Дарё томон яқинлашар эканмиз, узоқ-узоқлардан   бола-ю катталарнинг сувда қийқириб ўйнашлари, уларнинг шўх-шодон кулгиси эшитилиб турарди. Қирғоқ дам олувчилар билан тўла. Хордиқ чиқараётганларнинг мириқиб дам олишаётганлиги шундоққина кўриниб турибди. Аммо...

Айрим дам олувчилар табиат қўйнида шўхликка йўл қўйиб, ичимликдан бўшаган  шишалар, ўзлари билан олиб келган егуликлар қолдиғини сувга қараб улоқтиришарди. Шаффоф сувни турли чиқиндилар билан «бойитаётган»лар бақириб кулишганча, бу қилиқларидан завқланишарди.

Афсуски, атрофимизга назар ташласак, бу каби ҳолатлар, сувдан фойдаланишдаги тартибсизликлар биргина Зарафшон дарёси бўйида эмас, балки  қишлоқлардаги ариқлар ёқалари, товуқхона, молхона ёки қўйхона қилинган. Чорва ҳайвонлари, парранда гўнглари тўғридан-тўғри   сувга оқиб ётибди. Чекка қишлоқларни-ку қўятуринг, бу ҳолатни туманимиз марказидан оқиб ўтувчи Хўжаариқ ариғида ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, овқатланиш шахобчалари рўпарасидаги ҳолатни тасвирлашга тил ожиз. Болалар тагликлари, ичимлик қутилари, ачиган-чириган карам, пиёз, ҳаттоки, ўлаксалар ҳам тўғридан-тўғри сувга оқиб келаверади. 

Ким билан ҳам суҳбатда бўлманг, бир пайтлар шу ариқдан балиқ овлашганини, мириқиб чўмилишганлигини эслашади. Маълум бўлишича, яқин атрофдаги заводнинг чиқиндилари шу ариққа оқиши натижасида балиқ тугул, бошқа жониворлар ҳам анқонинг уруғи бўлиб қолган.

Қадимдан ота-боболаримиз сувга ҳатто тупуришни гуноҳ ҳисоблашган. Сув бор жойда озодалик, тўкин-сочинлик бўлади. У етиб бормаган боғ-роғлар, далалар чўлу биёбонга айланади.  Сувнинг фазилати ҳам, хислати ҳам беҳисоб, у мўл-кўлчилик манбаидир. Ҳар бир нарсанинг чек-чегараси, ҳудуди бўлганидек, оби-ҳаётнинг туби, поёни бор.

Шундай экан, унинг ҳар бир томчисини қадрлаш, заррасини олтинга тенг кўриш лозим. Оби-ҳаётдан тежаб-тергаб фойдаланиш, уни тоза сақлаш, қадрлаш, табиат саховатидан баҳраманд  бўлаётган ҳар бир кишининг муқаддас  бурчидир.


    Г. МУЗАФФАРОВА.

комментариев