
Қабулга келаётганларнинг аксарияти оила, маҳалла ва ташкилот ҳамкорлигида ҳал этиш мумкин бўлган муаммоларни айтишмоқда. Бундай масалаларни ҳал қилиши керак бўлган тегишли мутасаддиларнинг лоқайдлиги, сусткашлиги туфайли мурожаатларга ўз вақтида ечим топилмаяпти. Масалан, маҳалладаги сув йўлини қазишда ҳокимнинг қарори, рухсати ёки ёрдами керак эмас. Бу ишда маҳалла фаоллари бош бўлиб, ҳашар йўли билан қилиниши кераклигини ҳамма билади. Бу борада ХХ асрнинг улкан қурилишларидан бири бўлган Катта Фарғона каналининг қазилиш тарихи ҳаммамизга ибрат мактабини ўтайди. Мазкур ҳашарда нафақат эркаклар балки хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этганликлари ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда келтириб ўтилган. Рўзғорини, бола-чақасини ҳам ўйламай ойлаб маошсиз ишлаган халқимизнинг меҳнаткашлиги, ор-номуси қаерда қолди?! Наҳотки, ярим кун вақтимизни ажратиб, эшигимиз олдидаги ариқни қазишга вақт ва куч топа олмасак? Ёки бу ишга бош бўлиб, халқни ўз ортидан эргаштирадиган мард топилмаса?
Жорий йилнинг 2 июль куни туманимизда бўлиб ўтган вилоят ҳокими Э. Турдимовнинг оммавий сайёр қабули ҳам юқоридаги каби мурожаатлардан холи бўлмади. Вилоят ҳокимининг сайёр қабули деганда, туман миқёсида ҳал этиб бўлмайдиган, муаммонинг ечими вилоят бошлиғининг қўлида бўлган масалалар кўрилади. Бироқ, айрим ишёқмас, боқиманда кишиларнинг «Ҳоким бобо, мени ари чақди. Уни тутиб жазоланг» қабилидаги мурожаатлари ҳокимнинг вақтини ўғирлади холос.
Энг ачинарлиси кам таъминланган оилаларга ҳомий топиб, ёрдам бериш, ички кўчаларга тош тўкиш, электр энергияси, газ, ичимлик суви, чиқинди муаммолари, ҳаттоки, ажрим ва шаърий никоҳларнинг олдини олиш, пиёниста эрдан аёлни ҳимоя қилиш каби масалаларни ҳам ҳокимлар ёки сектор раҳбарлари ҳал қилса, маҳалла раислари, ташкилот ва корхона раҳбарлари нима билан машғул? Тўғри, давлатимиз раҳбари ўз нутқларида халқ билан мулоқот ўрнатиш тизимини такомиллаштириш, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, уларни рози қилиш, муаммоларга ечим топиш, халқ давлат идоралари учун эмас, аксинча, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши кераклигини бот-бот уқтириб келмоқдалар. Бу, «Ҳаммасини катталар қилиб берсин», дегани эмаску. Ўзимизда ҳам озгина ҳаракат, фаҳм-фаросат, интилиш бўлиши керак эмасми? Қолаверса, юртимизда бошқа давлатларда учрамайдиган маҳалла деган тизим шакллантирилиб, соҳа ходимларига ўттиздан ортиқ ваколатлар берилди. Уларнинг асосий вазифаси фуқаролар дардини тинглаш, муаммоларини бартараф этиш, халқни ўз ортидан эргаштириб, баҳамжиҳатликда маҳалла ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида хизмат қилиш-ку! Минг афсуски, бугун туманимизда гарданидаги масъулиятни сезиб, дахлдорлик ҳисси билан сидқидилдан ишлаётган, «ўзганинг дарди — менинг дардим» деб, жойлардаги муаммоларни ўрганиб, ўзига тегишли бўлган муаммоларни бартараф этишда намуна бўлаётган ташкилот раҳбарларини бармоқ билан санаб бера олмаймиз. Кўр-кўрона иш юритадиган, фақат обрў-эътиборни ўйлайдиган, халқ дардини тингламайдиган, масъулиятсиз раҳбар кимга керак?
комментариев