» » Меҳр-мурувватдан ёришар диллар

Меҳр-мурувватдан ёришар диллар


Юртимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Ҳар йили 3 декабрь санаси қанчадан қанча ўксик кўнгилларга меҳр-оқибат нурини олиб киради. Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туманимизда ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тойлоқ туман Халқ қабулхонаси мудири Қ. Исмоилов, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Г. Рустамова ҳамда ташкилот раҳбарлари ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хонадонларига боришди. Уларга ногиронлик аравачаси, эшитиш аппарати, «Қўшчинор» газетасининг бир йиллик обуна квитанциялари, дори-дармон ва совға-саломлар улашишди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Миллий Гвардиясининг туманимиздаги ҳарбий қисми ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолидан хабар олинди.


Туман ХТБ томонидан умумтаълим мактабларида якка тартибда таҳсил олаётган 68 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчилар ҳамда Самарқанд шаҳридаги 61-сонли ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати ўқувчилари ҳолидан хабар олинди. Уларга байрам совға-саломлари берилди.


Тойлоқ ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати ходимлари ҳам Адас маҳалласида   яшовчи  иккинчи гуруҳ ногирони Гулбаҳор Гадоеванинг ҳолидан хабар олишди.

                                                                Г. МУЗАФФАРОВА.

комментариев