Мурувват тадбири

    БМТнинг Халқаро ногиронлар куни ҳар йили 3 декабрда нишонланиб, бутун дунё бўйлаб ногиронларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбирлар ўтказилади. Жумладан, ушбу сана муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан имконияти чекланган  тумандошларимиз учун байрам дастурхони ёзилди. Унга 100 нафардан ошиқ ногиронлиги бор ёшу кекса таклиф этилди. Шунингдек, тадбирда туман ҳокими Б. Бобоназаров иштирок этиб, йиғилганларга  эзгу тилакларини билдирди. У ўз нутқида имконияти чекланган бўлишига қарамай, жамиятда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ фуқароларга миннатдорчилик билдирди ҳамда ана шундай аёллардан бири Кўзи ожизлар жамияти туман бўлинмаси раиси Ҳамро Камоловага Республика хотин-қизлар қўмитасининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғасини топширди. Шунингдек, ногиронлар жамияти туман бўлими раҳбари Насриддин Усмоновнинг кўксига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тақилди.      Қолаверса, туман тиббий-ижтимоий хизматлар шуъбаси томонидан ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқлар, эшитиш мосламаси, кўзи ожизлар ҳассаси  ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари эгаларига топширилди. 
    Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ногиронларни реаблитация қилиш, соғлигини тиклаш, билим олиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига доимий эътибор қаратиаётгани, имконияти чекланган инсонларнинг қонунларда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши учун барча шароит яратилаётгани уларнинг жамиятга фаол интеграциялашувида муҳим асос бўлаётганини таъкидлашди.  
   Туман маданият бўлими ходимларининг хушовоз хонандалари ва моҳир созандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

комментариев