Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 13 декабрдага «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига асосан юртимизда, шу жумладан, туманимиздаги ташкилот ва муассасаларда, ҳарбий қисмларда «Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!» шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг туманимизда жойлашган ҳарбий қисми томонидан Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида ташкил этилган навбатдаги «Очиқ эшиклар куни»кўргазмали амалий тарғибот тадбири мазмунли ва самарали бўлди. 34-ва 57-умумий ўрта таълим мактабларидан келган икки юздан ортиқ юқори синфлар ўқувчилари ҳарбий акаларининг, шунингдек кўркам қоматига ҳарбий кийим ярашган қизларнинг жанговар маҳорати билан, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан яқиндан танишдилар.
— Тадбирга 150 нафар юқори синф ўқувчилари билан келдик, — дейди 34-мактаб ЧЁТ фани ўқитувчиси, захирадаги лейтенант Х. Якубов, — «Очиқ эшиклар куни»кўргазмали амалий тарғибот тадбири шогирдларим қалбига ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Нафақат йигитлар, балки қизларимизнинг бир нечтаси, хусусан, Умида Ўринбоева, Севинч Қаҳрамонова, Нигина Сатторовалар ҳам «Мен, албатта ҳарбий бўламан!» деб қатъий аҳд қилганликлари шундан далолат беради.
Тадбир ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди.
Расулбек ИШЧАНОВ,
ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, капитан.
комментариев