яқин йилларда вилоятимизда шу тармоқнинг том маънодаги марказига айланиши
кутилаётган «Орзу Олим Дилмурод Асалари» асаларичилик-наслчилик фермер хўжалиги
фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда.
Кластер усули — давр талаби
...Обод ва ораста маскан — Ворсин маҳалласининг қоқ марказида жойлашган мажмуа дарвозаси ёнида ўзини Ориф аканинг кенжа ўғли Дилмурод Илёсов деб таништирган ўрта бўйли, истараси иссиқ йигит бизни қарши олди ва ичкарига бошлади. Дарвозахона деворидаги асаларининг касалликларга чидамли, сермаҳсул зотларини танлашдан бошлаб, уларни парваришлашгача, олинган сифатли асал экспортигача бўлган жараён акс этган кўргазмалар орасида бир лавҳа диққатимизни тортди; суратда Президентимиз юз-кўзларида ҳаяжон балқиб турган Ориф Илёсовнинг қўлини маҳкам қисиб, унга «Дўстлик» орденини топширмоқда. Сурат тепасида эса Ш. Мирзиёевнинг ишлаб чиқаришда кластер усулининг аҳамияти ҳақидаги доно фикрларини ўқиймиз: «Кластер — чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик ва бошқа тармоқлар ривожини янги босқичга кўтаради».
— Ишлаб чиқаришда кластер усулини қўлламай туриб, Юртбошимиз қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мушкул, — дейди бизни зимдан кузатиб турган Дилмурод.
— Сўнг ишлаб чиқариш цехларидан бирига бошларкан, сўзида давом этди у. Айнан, шу мақсад ва қирқ йиллик асаларичи отамнинг ғайрат-шижоати билан мамлакатимизда ҳозирча иккитадан бири бўлган (Андижон вилоятида ҳам бор) комплексимиз дунёга келди ва унга 50 сотих ер майдони ажратилди. Ҳозирда, кўриб турганингиз — асалари уялари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ёғочни қайта ишлаш цехидан ташқари, қанди тайёрлаш ва мумпарда ишлаб чиқариш цехлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Маҳсулотларимизни шартнома асосида Жиззах, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига, шунингдек, вилоятимиз туманларига етказиб бераяпмиз. Мажмуамиз фаолиятини ҳар томонлама кенгайтириб, ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтариш, асаларичилик соҳасида энг самарадор усуллардан, хорижий давлатлар тажрибасидан унумли фойдаланиш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиққанмиз.
«Камида 15та янги иш ўрни яратилади»
Дилмурод билан суҳбат жараёнида унинг табиатига хос бир жиҳатни илғаб олдик; суҳбатдошимиз асалари парваришидан тортиб, ҳеч муболағасиз, инсоният халоскори бўлмиш бу фидокор ҳашаротнинг турмуш тарзигача барча сир-асрорлардан пухта хабардор бўлса-да, айрим саволларимизга лўнда қилиб:
— Энди бу ҳақда отамдан сўрайсизлар, — деб қўя қолар, аммо, суҳбат давомида ўша саволларга ҳам жавоб бериб юборганини ўзи сезмай қоларди. Ишлаб чиқариш комплексининг истиқболи ҳақидаги саволимизга ҳам худди шу тарзда жавоб олдик:
— Юқорида таъкидлаганимиздек, айни пайтда мажмуада асалари уяси, мумпарда ва қанди тайёрлаш цехлари фаолият кўрсатмоқда. Яқин орада асалари уялари учун ёстиқлар, ишчилар юзини ёпишга мўлжалланган тўр-ниқоблар, умуман асаларичилик учун барча зарур анжомларни ўзимизда тайёрлаш йўлга қўйилади. Жумладан, асаларичиларнинг махсус оқ халатларини тикиш цехини ишга тушириш режалаштирилган.
Бундан ташқари хориждан (асосан Украинадан) келтириладиган зотли она асаларини маҳаллий иқлим шароитида кўпайтириш, тўпланган илмий тажрибаларни кенг тарғиб этиш ва бошқа мақсадларни кўзда тутувчи лабораториялар, урчитиш хоналари ташкил этилади. Асаларичилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари, шунингдек, якка тадбиркорлар ўқув семинарлари ўтказилади. (Айни пайтда Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалари ўқув амалиётини шу ерда ўташмоқда) Жанубий Кореялик соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда келгусида асал қадоқлаш цехи ёки корхонаси барпо этиш режаларимиз ҳам бор. Мазкур корхонада асосан фермер хўжалигимизда етиштирилган асал қадоқланади.
Улар амалга ошгач, камида 15 та янги иш ўринлари яратилади.
Айни пайтда фермер хўжалигимиз ихтиёрида беш юзтача асалари оилалари мавжуд. Таъкидлаб ўтганимиздек, ҳар баҳор (апрель ойи)да Украинадан она асаларининг «Карпат», «Карленний» каби зотларини олиб келиб кўпайтираяпмиз. Айниқса, «Карпат» зоти касалликларга чидамлилиги, сермаҳсуллиги юртимиз иқлимига яхши мослашувчанлиги билан эътиборимизни тортмоқда...
Асалари ва асалнинг шифобахш хусусиятлари беқиёслигини инобатга олган ҳолда мажмуа қошида табобат муассасаси бунёд этсак, ёмон бўлмайди, деб ўйлайман.
Қанийди яшашни ундан ўргансак...
— Тажрибали мутахассислар: «Асалари — ақлли, меҳнаткаш, ҳалол-покликни ёқтирадиган жонзот. Унга меҳр берсанг, сени тоза бол билан сийлайди», қабилидаги ўгитни кўп такрорлайдилар, — дейди Дилмурод суҳбатни давом эттириб, — Гоҳида, биз, одамлар, бурчга садоқатни, покизаликни, метин интизомни шу миттигина жонивордан ўргансак, ҳаётимиз бошқача бўлармиди, деб ўйлаб қоламан. Қайсидир журналда ўқигандим: асалари бир кило асал тўплаш учун инидан 100-150 минг маротаба учиб чиқиб, 400 минг километр масофани учиб ўтаркан. Бу Ердан Ойгача бўлган масофадан ҳам анча кўпроқ. Қаҳрамонлик бундан-да ортиқ бўладими?! Шунчалик билан ҳашарот захмат эвазига йиққан маҳсулотининг юздан биринигина ўзи истеъмол қиларкан.
Бундан таш-қари асаларининг бол тўплаши икки тарафлама фойдали жараён: ҳам асал йиғади, ҳам дарахт гулларининг ўсимликларнинг чангланишига ёрдам беради. Машҳур олим Альберт Эйнштейн шундай ёзган эди: «Асаларилар бўлмаса — ўсимликлар чанглатилмаса — егулик бўлмаса — одам ҳам бўлмайди».
Сулоланинг кенжа вакили бўлган Дилмурод асаларилар ҳаётига оид яна кўплаб қизиқарли маълумотларни келтирди. Масалан, нопок жойдан келган асаларини қоровул асаларилар уяга киритмас, хизматчи ҳашаротлар эса яшаш жойини заррача бўлсин гард юқтирмай, пок-покиза сақлар эканлар. Қанийди, она Заминимизни улар каби беғубор асрай олсак?!..
«Боли борнинг иқболи бор»
Асалнинг танга қувват бахш этиши, уни яшартириш каби хосиятлари ҳақида минг йил олдин табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино кўп ва хўб ёзган эди.
Одатда момоларимиз ёқимтой, ширинсўз қизларни эркалаганда, «Асал қизим!» қабилидаги жумлаларни кўп қўллайдилар. Ўзимиз ҳам «асал» сўзини ишлатганимиз ҳамоно, табиатнинг бу хуштаъм ҳамда шифобахшликда тенгсиз неъмати кўз ўнгимизга келади; ҳузурбахш таъмни ҳис қиламиз.
«Боли борнинг иқболи бор», деганларидек, туманимизда эл дастурхонини тоза асал билан зийнатлашдек эзгу ишга астойдил бел боғлаган, бундан ўзи ҳам баҳраманд бўлаётган донгдор асалчи Ориф ака Илёсов ҳамда унинг фарзандлари — Орзу, Олим, Дилмурод, Нодира каби шижоатли тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бораётганлиги қувонарлидир. Улар орасида ёшларнинг кўпчиликни ташкил этаётганлиги ҳам диққатга сазовор. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туманимиздаги самарасидан далолатдир.
Рафиқ ҚАҲҲОРОВ,
туман молия бўлими оилавий
тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи.
Абдулла НИСОРОВ,
«Қўшчинор» газетаси мухбири.
комментариев