» » Ажаб саодат эрур, қолса яхшилик билан от

Ажаб саодат эрур, қолса яхшилик билан от

Коронавирус пандемияси тарқалиш кўламининг кенглиги билан қатор ривожланган мамлакатларни ҳам шошириб қўймоқда. Жаҳон матбуоти шарҳига кўра, бугунги кунда дунёнинг 80 дан ортиқ давлатлари Халқаро валюта фондидан ушбу вирус билан курашиш ва унинг салбий оқибатларини камайтириш учун маблағ сўраган. БМТнинг маълум қилишича, коронавирус сабаб қашшоқлик даражаси юқорилайди. Минглаб корхона, завод ва ишлаб чиқариш субъектларининг фаолияти вақтинча тўхтаган, аҳолининг деярли барча қатламига уйда ўтириш қатъий тавсия этилаётган шароитда меҳнат унумдорлигига қўшилиб даромадларнинг пасайиши ва озиқ-овқатга, тиббий воситаларга бўлган талабнинг ошиши кузатилмоқда.

Таҳлил қилинадиган бўлса, бу вазиятда бир давлатнинг иккинчи давлатга, банк ёки бошқа умумжаҳон молия марказларининг моддий кўмак бериши — ҳақиқатдан ҳам қийин масала. Ўзимиздан миқёс: кези келганда қарз сўраб эшик тақиллатган қўшнилар, таниш-билишлар, яқинларимизгада қўлимиздаги бор маблағдан бериб туришга ҳадиксираймиз. Аммо бугун инсоният жипслашмоқда, заифланиб қолган меҳр-оқибат ришталари қалинлашмоқда. Ўзбекистон шу кунга қадар Хитой, Эрон, Қирғизистон, Афғонистон каби мамлакатларга инсонпарварлик ёрдамларини юборган бўлса, Осиё тараққиёт банки юртимизга 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант, Жаҳон банки 1,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги, оператив тарзда берилиши кўзда тутилган яна 1,2 миллиард АҚШ доллари ажратди. Бу пулларнинг бари коронавируснинг иқтисодий зарарларини камайтириш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.

Юртга келган бу синовни енгиб ўтишда камарбаста бўлаётган, давлат юкининг бир чеккасидан кўтаришга ёрдам бермоқчи бўлган халқ вакиллари енг шимариб майдонга чиқди — хайрия ишларини бошлаб юборди. Ўзбекистоннинг ҳали у, ҳали бу нуқтасида имкони бор оилаларнинг, тадбиркорларнинг турли озиқ-овқат маҳсулотларини гоҳи ошкора, гоҳи кўздан пана тарқатиб юришганини кўрдик, ибрат олдик, ичимизда бўлса ҳам таҳсин айтдик.
Биргина ўзим туғилиб ўсган Тойлоқ тумани миқёсида хайрия ишларидан қисқача баён этмоқчиман:

“Юртимизга коронавирус инфекцияси тарқалганлиги сабабли, 25 март соат 6:00 дан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юриш маън этилди. Шу муносабат билан туман ҳокимлиги томонидан COVID-19 инфекцияси юқишининг олдини олиш мақсадида “Бепул ниқоб” акцияси ташкил этилган эди. Мазкур акция бугун Тойлоқ деҳқон бозорида давом эттирилди. Саховатпеша тадбиркорлар ҳомийлигида ўтказилган хайрия акциясида минг дона ниқоб аҳолига бепул тарқатилди. Шунингдек, акция давомида жамоат жойларида юриш, гигиена қоидаларига риоя қилиш борасида аҳоли огоҳлантирилди”, — дейилади туман ахборот хизмати эълон қилган хабарда.

Тойлоқ туман ҳокимлиги янгиликларини ва “Қўшчинор” туман газетасини ўқиб, хайрия тадбирлари кунма-кун ўтказилаётганига гувоҳ бўлдим. “Саховатпеша инсонлар сафи кенгаймоқда”, деган сарлавҳа билан туманда  саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар ҳамда раҳбарлар томонидан хайрия ишлари амалга оширилаётгани, ана шундай эзгуликлардан яна бири Давлатобод деҳқон бозори ҳудудида ўтказилгани, унда туман сектор раҳбарлари ҳомийлигида аҳолига 2 минг дона ниқоб бепул тарқатилгани хабар қилинган.

Хайриялар, савобли ишлар давом эттирилиб, карантин даврида тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор 80 та оилаларга туман сектор раҳбарлари ҳомийлигида 4 та қўй қурбонлик қилинган ва ун, ёғ, гўшт, нон, макарон, асал каби озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган.

Шунингдек, 1 апрель куни туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва Равот маҳалласида яшовчи саховатпеша инсон Абдурасул Рахматов, Сочак МФЙ даги тадбиркор Жаҳонгир Маҳмудовлар томонидан 46 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилиниб, кўнгилларига хурсандчилик улашилган.

Қолаверса, туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров бозорлардаги нарх-навонинг сунъий оширилмаслиги устидан назорат ўрнатган. Тафсилотларнинг ҳаммаси мунтазам баён этиб борилади.

Умуман олганда бутун республика бўйлаб ана шу об-ҳаво ҳукм сурмоқда: муҳтожларга ёрдам қўли чўзилган, шароити оғирларга нон-туз каби кундалик зарур маҳсулотлар етказилган ва ҳоказо.

Мақола аввалида бежиз халқаро майдонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан мисол келтирилмади. Сабаби, дунё миқёсида таранг ва мужмал ҳолат. Cоvid-19 пандемиясига қарши вакцинанинг исроиллик олимлар томонидан инсон организмида синови ҳам жорий йилнинг 1 июнь санасидан бошланар экан. Июнга қадар яна бир ярим ойдан ошиқроқ вақт бор. Ижобий натижадан умид қилинмоқда. Касаллик эса чегара ва ҳудуд билмай тарқамоқда. Бундай оғир шароитда ўзидан орттириб бировнинг рўзғорига қарашиш, оғирини енгил қилиш — наздимизда, ҳақиқий қаҳрамонликдир. Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраси бугунги синовли кунларда ёр-биродарига, эл-улусга бақамти бўлиб яхшилик улашаётган саховатпешаларга қаратиб айтилгандек туюлди:

Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур, қолса яхшилик била от.


Кун келиб инсоният бу номаълум инфекция устидан ғалабани нишонлар экан, ишонамизки, яхшилик билан ном қолдирган сахий юртдошларимиз ҳам ғолиблар сафида туриб бонг уришга тўлақонли ҳақли бўладилар.

Наргиза ЮНУСОВА

комментариев