» » Тест синовлари ўтказиладиган объектлар хизматга тайёрми?

Тест синовлари ўтказиладиган объектлар хизматга тайёрми?

2020-2021 ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланиш учун Самарқанд шаҳридаги Даҳбед, Рудакий ва Ибн Сино кўчалари кесишмасида жойлашган СамДУ академик лицейи спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасининг 4 та спорт заллари ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт заллари танлаб олинган.Ушбу спорт мажмуаларида ўтган йилларда ҳам тест синовлари ташкил этилган бўлиб, бир сменада 102 гуруҳда 3060 нафар абитуриент тест синовларини топширган бўлса, бугунги пандемия карантин қоидаларини эътиборга олган ҳолда (ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган) бир сменада 71 та гуруҳга 2130 нафар абитуриентга мўлжалланган биноларнинг режа-чизмалари ишлаб чиқилиб, абитуриентлар ҳамда назоратчилар учун етарли сондаги стол-стуллар билан таъминланди.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда, ҳудудга ва бинога киришда дезинфекцион туннеллар ўрнатиш, ёруғликнинг тушиши, бинони шамоллатиш, абитуриентларни тик тушган қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олинади.
Бугунги кунда Самарқанд вилояти бўйича жами 6 та бинода 71 та гуруҳ учун 360 грабусга айланувчи ва ҳар бир гуруҳ учун видеокузатув камералари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда Давлат тест маркази бош штаби, тиббиёт пунктлари учун хоналар ажратилган ва уларни жиҳозлаш вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Абитуриентларни етарли микдорда (0,5 литр) ичимлик суви ва ручкалар, карантин қоидаларига кўра, маска ва қўлқоплар билан таъминлаш, абитуриентларнинг тўпланиш жойларида соябонлар ташкил этиш, тест синовлари жараёни билан боғлиқ баннерларни тайёрлаш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
2020-2021 ўқув йили қабули учун ўтказиладиган кириш тест синовларига 458 нафар гуруҳ назоратчилигига номзодлар учун 2020 йил 2-6 июнь ҳамда 9-12 июнь кунлари онлайн семинар машғулотлари ташкил қилинди.
Ҳозирда ўқув-семинарлар якуни бўйича ўтказилган синовлар ва суҳбат натижалари асосида номзодларни саралаш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов ҳамда вилоятдаги барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда 2020-2021 ўқув йили қабули тест синовларини ўтказишга жалб қилинаётган биноларнинг жараёнга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Ўрганиш жараёнида кириш тест синовлари жараёни учун режалаштирилган биноларда жорий таъмирлаш, мукаммал таъмирланаётган биноларда қурилиш-таъмирлаш ишларини июнь ойининг охиригача якунлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича барча масъул идора вакилларига топшириқлар берилди.
Бугунги кунда тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда ободонлаштириш, биноларнинг ички ва ташқи қисмларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Воҳид СИРЛИБОЕВ,
ДТМ Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи
.

комментариев