» » Ёзишни отамдан ўргандим

Ёзишни отамдан ўргандим


Инсон умри Ватан равнақи, халқ бахти йўлида қилинган эзгу амаллар билан сарҳисоб этилади. Падари бузрукворим Тугалбой Музаффаров умрининг 50 йилдан кўпроғини ана шундай эзгу ишларга бахшида этган, эл-юрт эҳтиромига сазовор бўлган, нафақат туман, балки вилоят ва республика матбуотида ҳам ўз ўрни ва обрўсига эга инсон эди.  
Унинг «Тойлоқнома» трилогияси, «Журналист деб атанг», «Самарқанд матбааси фидойилари», «Увайс Қараний ким эди?», «Ёшлик зийнати», «Чапақай ижодкор», «Умрим манзиллари», «Тайлоқнинг нурли излари», «Давр менинг тақдиримда», «Юртим шукуҳи», «Қирғоқда қолган одам», «Асрга татигулик йиллар», «Кўзгудаги одам», «Масъум чечаклар», «Кўнгил гулшани» ва «Юрагимга яқин кишилар» каби 20 дан ортиқ бадиий ва публицистик рисолалари минглаб китобхонларнинг жавонидан муносиб ўрин эгаллади. 
Болалигимданоқ шеър ёзишга ҳавасманд эдим. Мактабимизда байрам бўладими, тадбирми ёзиб келаверардим. Отам эса уни чизиб-тўғирлаб газета саҳифаларининг бир бурчагига жойлаб қўярдилар. Дадам илк устозим сифатида менга йўл-йўриқ кўрсатиб, макет чизиш, газета саҳифалаш, қалам тебратиш сирларини ўргатдилар.  Ёшликдаги орзуларим ушалиб, 2009 йилдан буён «Қўшчинор» газетасида ишлаб келаяпман. 
Падари бузрукворим  кеча-ю кундуз қоғоз қоралашдан тўхтамасди. Мақола ёзар, таҳрир қилар, газета саҳифалаб, яна хатоларини ўқиб, тузатарди.  
Ҳатто, ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам, дард танасини зир қақшатаса-да: «Газет олиб келдинг-ми? Ёзганларингни бер, ўқиб берай», дея дарров қўлларига қалам тутиб, хатоларимни кўрсатиб, йўл-йўриқ кўрсатишга киришарди. «Мана бу ери бироз нотўғри, бу ери эса яхши бўлибди», дерди. Баъзан онам отамга ичи ачиганидан: «Чарчайсиз, қўйинг энди шу ишларни» деб жаҳл билан койирди. Бу дунёда омонатим эса:  «Э-ээ, ким айтди сизларга мени чарчайди деб, мен ёзсам, дам оламан, чарчамайман. Бу дунё деганлари бир зумда ўтади, кетади. Мендан қоладигани шу китобларда...» дерди.
Бугун иш фаолиятим давомида отам берган таълим менга асқотиб келмоқда. Баъзан ҳафсаласиз  бўлиб, қўлим ишга бормай қолади.  Шунда отамнинг: «Сен кўпроқ изланишинг, ўрганишинг лозим. Менинг чала қолган ишларимни битиришинг керак» деган гаплари қулоқларим остида жаранглайди. Шунда янада шижоатга тўлиб, олдинга интиламан.
Мен падари бузрукворимдан ўз касбини севишни ўргандим.  Фидойи журналист, тиниб-тинчимас ижодкор, жонкуяр отанинг фарзанди эканлигимдан ҳамиша фахрланаман. У кишига ўхшагим келади. Аммо, отам эришган даражага етишишим учун ҳали анча бор.  Отамга муносиб издош бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
             
             Г. МУЗАФФАРОВА.

комментариев