» » Дорихоналардаги танқислик сабаби нимада?

Дорихоналардаги танқислик сабаби нимада?

Пандемия даврида вилоятимиздаги дорихоналарда коронавирус касаллигининг олдини олиш ва  уни даволашда ишлатиладиган дори-дармонларнинг танқис бўлиб қолганлиги, борлари ҳам жуда қиммат эканлиги кўпчиликни ташвишлантирмоқда.


Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида жойлашган «Янги шарқ» МЧЖ­га қарашли дорихонада «Арбидол», «Эргоферон» каби дориларнинг йўқлигига гувоҳ бўлдик.

- Ушбу дорилар тугаганига 4-5 кун бўлди, - дейди дорихона мудираси Камола Қурбонова. – Аммо, харидорлар уларнинг ўрнини босувчи дориларни ҳам сўрамоқда. Талаб кўпайгани сабабли таъминотчи фирмаларга кўпроқ дори воситалари буюртма қиляпмиз.

Дорихоналарда шамоллашга қарши ишлатиладиган дориларнинг ҳам нархи қимматлашиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан касалликнинг енгил шаклларини даволаш учун тавсия этилаётган дорилар ҳам белгиланган нархдан зиёд сотилмоқда.

- Ҳозиргина «Фармацевт» МЧЖга қарашли дорихонадан онам учун дори сотиб олдим, - дейди Тойлоқ туманида яшовчи Сардор Калонов. - Қон босимини тушириш ҳамда шамоллашни даволашда қўлланиладиган оддий дори-дармонлар учун 87 минг сўм маблағ сарфладим. Икки ой илгари булар учун 50 минг сўмдан тўлардим. Қиммат бўлса-да сотиб олишга мажбурман.

- Коронавирусга қарши дориларни ҳам сўраб келувчи харидорлар сони ортгани туфайли зарур дори  воситалари тугади, - дейди ушбу дорихона сотувчиси Шоҳсанам Адашева. – Шу пайтгача «Арбидол», «Циклоферон», «Ингавирин» каби дори воситаларини сўраб келувчилар кам эди. Бир ҳафтадан бери кўпчилик шуларни сўрамоқда. «Циклоферон»нинг бир қутисини 170 минг сўм, «Ингавирин»ни 75 минг сўмдан сотдик.

Айрим дорилар турли дорихоналарда турлича нархда сотилмоқда. Ҳатто тиббий восита ва ниқобларнинг ҳам нархларида фарқ бор. Самарқанд шаҳридаги «Эрк-Диомед» МЧЖга қарашли дорихонада «Назоферон» томчиламаси 32 минг сўм турса, «Дилмуҳаммад фарм сервис» МЧЖ дорихонасида 25 минг сўмга олиш мумкин.

Шаҳардаги «Дилмуҳаммад фарм сервис» МЧЖ дорихонасида ташкил этилган коронавирусга қарши дори-дармонлар бурчагида мавжуд 20 турдаги дори-дармон орасида «Компливит», «Арбидол», «Эргоферон» каби таблеткалар йўқ.
- Юқумли касалликларга қарши ишлатиладиган дориларни таъминотчимизга буюртма қилганмиз, тез орада олиб келамиз, деб ваъда қилишган эди, - дейди мазкур дорихона мудири Роҳила Субҳонова. – Ўн кун бўлди тугаганига, кўпчилик сўраб келяпти. Иложимиз йўқ, уларга шунга ўхшаш дорилардан тавсия қиляпмиз.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси жойлашган ҳудудда ҳам ўнга яқин дорихона фаолият кўрсатади. “Sibilekc-farm” МЧЖ, “Зуҳра-Севара-фарм” МЧЖга қарашли дорихоналарда ҳам шу аҳвол. Уларда ташкил этилган коронавирус дори-дармонлари бурчакларида вазирлик томонидан тавсия қилинган дори воситалари тўлиқ эмас. «Арбидол», «Дипиридамол», «Эргоферон» каби воситалар йўқ. 

- Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда дорихоналарга коронавирус касаллигига қарши дори-дармонларни тўлиқ етказиб бериш, нарх-навони пасайтириш борасида сўз борди, - дейди “Зуҳра-Севара-фарм” МЧЖ мудири Абдукарим Жамонқулов. – Дорихонамизда ҳам тавсия этилаётган 49 турдаги дориларнинг 15 тури бор. Таъминотчилар ўз вақтида етказиб беролмагани туфайли харидорларга топиб беролмаяпмиз. Ҳатто шу пайтгача ҳеч ким сўрамаган “Азитромицин” дори воситасидан бугун 8 қути сотилди. Айримларининг танқислиги сабабли чекланган миқдорда сотишимизга тўғри келяпти. 

«Ника фарм сервис» МЧЖга қарашли дорихонада эса Соvid-19 бурчагида ҳам 14 турдаги дори воситалари бўлиб, уларнинг тенг ярми зарарсизлантириш воситаларидан иборат экан. Тиббий спирт, антиспрей, тиббий ниқоб ва бир марта ишлатиладиган қўлқоплар мавжуд. Коронавирус инфекциясига қарши ишлатиладиган махсус жамланма 35800 сўмдан сотилмоқда. Тавсия этилган дори -дармонларнинг ярми йўқ.
- Республика махсус комиссиясининг йиғилишида коронавирус билан касалланган ва уйида даволанаётган беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини назорат қилиш бўйича бош мутахассис Норпошша Шохўжаева. – Ҳозирда бу дори воситаларининг 50 мингта тўплами тайёрланиб, уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Энди бу каби беморларга дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқоблар белгиланган миқдорда, бепул етказиб берилади. Уйдаги бемор ўзи яшаётган ҳудудда жойлашган тиббиёт муассасасининг шифокорлари томонидан ўн кунлик карантинга олинади ва дори-дармонлар уларнинг назорати остида берилади.
Бугунги кунда вилоятимизда 65 турдаги дори воситаларининг захираси яратилган. 52 та улгуржи савдо, 12 та йирик фармацевтик компания вакиллари билан музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Арманистон ва Словения давлатларидаги йирик фармацевтика компаниялари билан 8,8 миллиард сўмлик дори-дармонлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.


- Бугунги кунда вилоятимиздаги 200 дан зиёд дорихоналарда коронавирусни даволашда ишлатиладиган дори-дармон воситалари сотилмоқда, - дейди «Самарқанд дори-дармон» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Фурқат Шерматов. – Касалликни енгишда тез самара берувчи дори воситалари билан таъминлаш мақсадида хорижлик ҳамкорларимиз билан ҳам яқин муносабат ўрнатганмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия қилинган «Азитромицин», «Парацетамол», «Витамин С» каби 5 турдаги дори воситаларини барча дорихоналаримизга тарқатдик.


Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.
* * *
Бахтиёр МУСТАНОВ
олган суратлар.

комментариев