Туманимизда кам таъминланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашиш, яшаш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, пандемия даврида кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга тиббий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Дори-дармон воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб турилмоқда. Аксарияти ишга жойлаштирилди. Кўплаб оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ана шундай эзгу ишлар давоми сифатида бугун 20 нафар кам таъминланган, доимий даромад манбаига эга бўлмаган, ишсиз хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси томонидан тикув машиналари совға қилинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Б. Бобоназаров, сектор раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Н. Асадов, вилоят касаба уюшмалар бирлашмаси кенгаши ходими Ориф Мизамов, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Тойлоқ туман кенгаши раиси Қобир Собировлар иштирок этишди.

-Уч нафар фарзандим бор, - дейди Чорбоғтепа маҳалласида яшовчи Маҳфуза Йўлдошева. – Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ишсизмиз. Ўзим тикувчиликка қизиқаман. Тикиш-бичиш билан шуғулланиб, даромад топишни орзу қилардим. Лекин тикиш машинасини сотиб олишга имкониятимиз етарли эмас эди. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари оилавий шароитимизни ўрганишганда тикув машинасига эҳтиёжимиз борлигини айтгандим. Бугун ана шу тикув машинасига эга бўлдим. Бундан қувончим чексиз. Бунинг учун авваламбор, Президентимизга, қолаверса, Республика касаба уюшмалари федерациясига, туман ҳокими Б. Бобоназаровга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
комментариев