» » Аҳолини тоза ичимлик суви таъминлашда муаммо бўлмайди

Аҳолини тоза ичимлик суви таъминлашда муаммо бўлмайди

 Ичимлик суви таъминоти даражаси аҳоли турмуш фаровонлигини белгилайдиган муҳим кўрсаткичлардан биридир. Шу нуқтаи назардан дунё миқёсида нафақат ичимлик суви, балки умуман сув танқислиги муаммоси кучайиб бораётган бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар, таъминотчи корхоналар ва бошқа мутасадди идоралар олдига қўйилган масъулият ҳам ортиб бормоқда.
   Узоқ йиллик муаммолар тўпланиб қолган соҳага кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ва ҳукумати томонидан катта эътибор қаратилмоқда, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан кейинги йилларда қабул қилинган ўнга яқин қарор тизимда туб бурилишларни бошлаб берди. Мазкур қарорларга биноан манзилли ва мақсадли дастурлар асосида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, кейинги икки йилда туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ишларига республика ва маҳаллий бюджет ҳамда Самарқанд вилояти “Ободонлаштириш ва фаровонликни ошириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан ажратилган қарийб 7 миллиард сўм йўналтирилди.
    Жумладан, ўтган 2019 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида Навбаҳор, Олмазор ва Хўжақишлоқ маҳаллаларида янги сув иншооти қурилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Қолаверса Давлатобод қишлоғида ҳам 421 миилион сўм маблағ эвазига янги сув иншооти қурилди ва аҳоли хонадонларига сув тармоғи тортилди.
    Шунингдек, жорий йилда Самарқанд вилояти ободонлаштириш ва фаровонликни ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманимизнинг 6 та қишлоғида яъни Узунқишлоқ, Сочакипоён, Сочак, Шохкаш, Бачки, Халқобод, Тўёқли қишлоқларида сув иншоотлари барпо этилди. Биргина Узунқишлоқ маҳалласида сув иншооти қуриш ва сув тармоғини тортиш учун 380 миллион сўм пул ажратилди ва бугунги кунда қурилиш мантаж ишлари якунланди.  Қолаверса, тумандаги 13 та сув миноралари реконструкция қилинди, сув тармоқлари янгиланди.
Бу каби кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев