Президентимизнинг жорий йил 20 февралдаги «Обод қишлоқ» дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида туманимизнинг 8,9 минг аҳоли истиқомат қиладиган 3 та қишлоғида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда туман ҳокимининг 28 февралдаги 659-сонли қарори ҳам қабул қилинди.
Туман ҳокимининг юқорида таъкидланган қарорига мувофиқ жорий йилда тумандаги учта яъни Олмазор, Хўжақишлоқ ва Наққошон қишлоқлари қиёфасини кўркамлаштириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш билан боғлиқ эзгу ишлар амалга оширилади. Жумладан, бажариладиган барча ишлар учун умумий миқдори 26 миллиард 537 миллион сўм сарфланиши кўзда тутилган. Дастурни амалга ошириш жараёнида умумий узунлиги 13,8 километрдан иборат бўлган минтақавий йўллар (ички кўчалар)ни таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, обод қилинадиган қишлоқларда умумий узунлиги 1,4 километр бўлган кўчаларда тунги ёритиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида 35 та тунги ёритиш устунлари ўрнатиш, аҳолига траспорт хизматини кўрсатишни яхшилаш учун 4 та автобекатлар қуриш, ичимлик суви таъминотини замонавий талаблар даражасида ташкил этиш мақсадида 17 километрлик янги тармоқ ҳамда битта сув иншооти қуриш каби кенг кўламдаги ишларни бажариш белгиланган.
Дастурга мувофиқ учта қишлоқда жами 1111 та якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш, учта мактаб, битта МТМ, 2 та ҚВП ни реконструкция қилиш ҳам аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Туман ҳокимининг қарори билан «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича туман комиссиясининг вазифалари белгилаб олинди.
Хуллас, 2019 йилда туманимиздаги обод қишлоқлар сони яна учтага кўпаяди.
Хуршид ТЎХТАЕВ,
туман ҳокимлиги бош мутахассиси.
комментариев