» » Тойлоқ туман ҳокими Б. Бобоназаровнинг устоз ва мураббийларга байрам табриги

Тойлоқ туман ҳокими Б. Бобоназаровнинг устоз ва мураббийларга байрам табриги

   
Қадрли устоз ва мураббийлар!
   Авваломбор барчангизни, улуғ айём - “Устоз ва мураббийлар” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахшида этиб келаётган педагогларимизга, устозу мураббийларга соғлик-саломатлик, келажакдаги ишларида улкан мувоффақиятлар тилайман.
   Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, айниқса,биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.  
    Дарҳақиқат, устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёдаўқитувчининг меҳнатидан оғир юмушйўқ. Спорт сари қадам қўйган спортчини дунё миқёсига кўтаргунча чекиладиган машаққатлар ёки   бор маҳоратини ёш болага ўргатадиган ҳунарманднинг меҳнати, сабр-қаноатини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади. Буни игна билан қудуқ қазишга менгзаш мумкин. Айниқса, бутун дунё бошига тушган коронавирус балоси сабаб ўқитувчи ва мураббийларнинг гарданидаги масъулият, машаққат ва ташвиш янада ортди. Фарзандидек азиз бўлиб қолган ўқувчисининг келажагига бефарқ бўлмаган, касбига садоқатли, жонкуяр ўқитувчилар юртимизда жорий этилган карантин даврида ҳам тиним билишмади. Шу сабабли уларнинг бу борадаги меҳнатларини эътироф этиб, ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.   
       Ҳурматли устозлар!
   Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
  Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
   Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзанд-лари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.
  Яна бир бор “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
 
                             Тойлоқ туман ҳокими                                      Баҳодир Бобоназаров.
 

комментариев