Кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилганидан сўнг, туман Халқ таълими бўлими мудири Х. Ҳожиқулов туман халқ таълими ходимлари томонидан келиб тушган таклифларини ўқиб эшиттирди.
Таклиф:
-Вариатив ўқув режаларни қўллашда кўпроқ фанлар ва ўқувчиларни қамраб олиш учун, бир-бирига яқин жойлашган мактабларда биргаликда қўллаш имкониятлари яратилса, ўқувчиларнинг танлов имконияти кенгаяди ва вариатив ўқув режани қўллаш кенг қамровли бўлади. Масалан, 1,2,3,4-мактаблар бир-бирига яқин жойлашган бўлсин. Ҳар бир мактабда алоҳида танлов синфлар очилади ва бу синфда юқоридаги мактаб ўқувчилари жалб қилинади. Натижада олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи кўтарилади, ҳамда ўқувчига танлаш имкониятлари кенгаяди.
- “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасини ишга тушириш муносабати билан таълим муассасаларида АКТ мутахассис штатларини жорий қилиниши, уларни мунтаззам равишда малакасини ошириш чораларини кўриш керак. АКТ мутахассислари таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог кадрларга компьютер саводхонлиги ва АКТ бўйича қўшимча дарслар ўтиши орқали педагог-ходимлар ва ўқувчиларнинг билимларини оширишга эришилади.
-Хорижий таълим муассасаларига ўқишга кириб, мамлакатимизда кўчириб ўқиш истагини билдирадиган талабаларни ДТМ томонидан қайта имтихСон қилиш ва имтихондан ўтган ҳолатда кўчиришга рухсат бериш.
Сессияда шу каби таълим сифатини оширишга хизмат қилувчи 20 дан ортиқ таклифлар билдирилди.
Сессия давомида депутатлар ва туман фаолларининг таклифлари тингланди.
-Аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги мактабларда ўқувчи сони кўплиги, синфларнинг етишмаслиги ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яъни айрим синфларда 40 нафаргача ўқувчи таҳсил олмоқда. Синфда ўқувчи сонининг кўплиги таълим сифатига салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу сабабли синфлардаги ўқувчи сонини ўртача 25 нафардан қилиб белгилаш керак, - дейди туман кенгаши депутати М. Йўлдошева.
-Илгари мактабларда бошланғич синфлар учун узайтирилган гуруҳлар фаолият юритар эди. Яъни дарсдан сўнг ўқувчилар овқатланиб, дам олиб, уйга вазифаларини тайёрлашга, ўқувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилар эди. Қолаверса, кечгача ишловчи ота-оналарнинг фарзандлари назоратсиз қолмас эди. Бугун мана шу тизимни жорий этиш айни муддао, деб ўйлайман, дейди туман кенгаши депутати М. Қуватова.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
комментариев