» » "Ёшлар фестивали" тадбирлари якунланди

"Ёшлар фестивали" тадбирлари якунланди

   Ўзбекистон Республикксининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш, мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратиш, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг замонавий ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш учун “Ёшлар фестиваллари” тадбирларини ўтказиш белгиланган эди. Шунга асосан Тойлоқ туманида бир ҳафта мобайнида ўқувчи ёшлар ўртасида  маданий-маърифий, спорт ва турли кўнгилочар тадбирлар юқори савияда ўтказилди.
   Ана шундай тадбирларнинг якуний қисми бугун 29-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий Гвардияси ҳарбий хизматчилари томонидан замонавий қурол-аслаҳалар, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи, ўқувчилар томонидан эса бешта муҳим ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар кўргазмалари намойиш этилди.
  Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий-мусиқий қисмига навбат берилди. Унда туман ҳокими Б. Бобоназаров, сектор раҳбарлари, ота-оналар ва ўқувчи-ёшлар, санъаткорлар иштирок этишди.

    Тадбирни очиб берган туман ҳокими Б. Бобоназаров ёшларга оида давлат сиёсати борасида туманда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, у ўз сўзида ёшларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида туман ҳудудида 18 та министадионлар қуриш режалаштирилгани, қолаверса, эндиликда, нафақат ёшлар балки маҳалланинг кекса-ю ёши ҳар куни соат 16:00 да то 23:00 га қадар мактаб стадиони ҳамда спорт залларидан бепул фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари, туманда ташкил этилаётган ахборот ресурс марказида ўқувчи-ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

   Туман маданият бўлими ходимлари ҳамда 29-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди. Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда “Ёшлар фестевали”да фаол иштирок этгани учун 21-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Фариза Сайфуддинова 84112-ҳарбий қисм командирининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.

     -Бешта муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган ҳунармандчилик йўналишидаги ўймакорлик тўгарагининг фаол аъзосиман, дейди 12-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Самариддин Обрўев. – Икки йилдан бери шу тўгаракка қатнашиб, тахтадан ажойиб буюмлар ясашни, унга сайқал беришни ўргандим. Ўймакорлик санъати мени ўзига сеҳрлаб олди, десам ёлғон бўлмайди. Бўш қолдим, дегунча тўгарак раҳбаримиз Зафар Ҳайдаровнинг ёнига шошаман.  Келажакда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаман.

  “Ким Ватанга содиқ бўлса мендирман ўша!” шиори остида ўтказилаётган фестиваллар ёш авлод истеъдоди ва иқтидорини юзага чиқариш, уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Шу боис ўғил-қизларнинг ушбу тадбирга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораяпти.
 
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев