» » «Оммавий маданият» таҳдиди

«Оммавий маданият» таҳдиди

Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётига катта хавф солаётган халқаро терроризм, диний экстремизм, ОИТС сингари офатларни кўпчилик яхши билади. Лекин бугунги кунда ҳамма ҳам билавермайдиган, ошкора кўзга кўринмайдиган, маънавий ҳаётимизни издан чиқаришга қаратилган жиддий хатарлар ҳам бор. Гарчи маданият деб аталса-да, туб мазмун-моҳиятига кўра, «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир. «Оммавий маданият»нинг асосий мезони инсон маънавиятига  таъсир қилиб, бўйсундириш орқали иқтисодий даромад олишдан иборат. 

Бугунги кунда техника асри тараққиёти оммавий маданиятнинг  ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. «Оммавий маданият» ғоялари мамлакатимизга кириб келаётган кинофильмлар ва улардаги турли хил ҳаёсиз қилиқлар миллий маънавиятимизга умуман тўғри келмайди.   

 Ҳозирги вақтда ота-оналарнинг менталитетимизга мос келмайдиган, инсон ахлоқига салбий таъсир кўрсатадиган фильмларни фарзандлар даврасида томоша қилиши одат тусига кириб бормоқда. Бундан  ташқари болалар учун ташкил этилган эфир вақтида узундан узун мултфильмларнинг ҳам севги-муҳаббат «саҳна»ларига йўғрилгани, ҳатто эстрада санъатига кириб келаётган айрим йўналиш ва қўшиқлар, уларга ишланган маъно-мазмунсиз клипларнинг кўпайиб бориши «оммавий маданият»нинг тарғибот воситасига айланиб бормоқда. 

3-4 ёшдаги фарзандимиз телевизор қаршисида жимгина ўтирганидан қувониб, уй юмушларимизни бажариб юраверамиз. Қайси дастурни томоша қилаётганлиги билан қизиқиб ҳам кўрмаймиз. Аслида ҳамма бало бепарволик ва лоқайдлик ортидан келишини кеч англаб етамиз.

Фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур. Таълим жараёнида  ўқувчи ёшларга  миллий ғоямиз асосида  мафкуравий билим бериш, тарғиботнинг энг асосий воситаларидан бири бўлган ўзбек кинофильмлари ва эстарада санъатига алоҳида эътибор қаратиш, асрий қадриятларимиз ва маданиятимизни тарғиб қилувчи фильмларни суратга олиб, йигит-қизларда миллий руҳ тушунчасини шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлади. 


комментариев