» » «МЕН ДАРДИМНИ КИМГА АЙТАМАН?!»

«МЕН ДАРДИМНИ КИМГА АЙТАМАН?!»


ёки Ҳукуматимиз  эътиборига тушган буюк алломанинг мақбара-мажмуаси  қачон муқаддас зиёратгоҳга айланади?
      Ўзбекистоннинг энг машҳур манбашуносларидан бири Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Убайдулло Уватов «Буюк муҳаддислар ватани» асарида шундай ёзади: «...Улуғ муҳаддис олимларимиздан яна бири милодий 798 йилда Самарқанднинг қадимий мавзеларидан бўлмиш Доримда таваллуд  топган  Имом Абу Муҳаммад  Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон  ат- Тамимий ас-Самарқандий  ад-Дорамийдир. Ул зот ўша вақтларда илм-фан тараққий қилган Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина ҳамда Хуросоннинг таниқли ҳадисшуносларидан сабоқ олди. Ад-Доримий ҳадисшунослик илми ривожига катта ҳисса қўшган олимдир. Унинг «Ал-Муснад», «Ат-Тафсир», Ал -Жомиъ», «Ас-Сулосиёт фил-ҳадис»,  «Китоб ас-сунна фил ҳадис» каби асарлари  бизга маълум. Ушбу асарлардан Ислом оламида  энг шуҳрат қозонгани «Сунан – ад-Доримий» номи билан маълум ва машҳур «Ал-Муснад» асаридир. Муҳаддиснинг ушбу асарида келтирилган кўплаб ҳадислардан ўша даврда яшаган Имом ал-Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Имом ат-Термизий, ан-Насафий, ибн Можа каби машҳур муҳаддислар фойдаланишган.Имом ад-Доримий  ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорийдан ўн уч ёш катта бўлиб, улар  яқиндан ҳамкорлик қилганликлари манбаларда қайд қилинган.              Имом ад-Доримий 869  йилда вафот этган. Қабри Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳудудида жойлашган...».                                                                                                Эътибор берган бўлсангиз, таниқли тадқиқотчи –олим  буюк ҳадисшунослар орасида ёши энг катта бўлган Доримий бобомизни уларга устозлик қилганини  таъкидлаш билан бирга ҳадис илмининг султони  Имом ал-Бухорий билан ҳамкорлик қилганини  манбаларга таяниб эътироф этмоқда. Энди айтинг-чи, Ислом оламида маълум-у машҳур шундай мўътабар зот мангу қўним топган  маскан қандай кўринишда бўлмоғи керак? Сиз суратларда кўриб турганингиздекми?!  Йигирма йил олдин  турли давлатлардан келган диний уламолар иштирокида  тантанали тарзда очилган  мақбара-мажмуа қачон хориждан ва қўшни вилоятлардан келадиган сайёҳларни қучоқ очиб қарши олади?!                                                      Тўғри, сўнгги пайтларда  мақбара-мажмуада туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан бирмунча бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Лекин, булар етарли эмас. Бу ишларнинг кўлами  буюк тумандошимизнинг шаъни ва уркан хизматларига муносиб бўлмоғи керак. Балки, туманда зиёрат туризмини ривожлантириш дастури асосида инвестиция лойиµасини амалга ошириш имкони бордир. Бу ҳақда  газетамизда ўнлаб таклиф-мулоҳазалар билдирилган мақолалар чоп этилган. Мутасаддилар уларни ҳам ўрганиб чиқишса ёмон бўлмасди. Ачинарлиси шуки, биз  кўп вақтни йўқотдик ва яна йўқотишда давом этаяпмиз. Буюк аждодимизнинг руҳи эса уйғонишимизни кутяпти. У дардини биздан бошқа кимга ҳам айтсин?!                                     Мутасаддилар мавжуд аҳволдан тўғри хулоса чиқаришармикан?! 
Ҳамма гап шунда...
                             А.САЛОМ,  
                     А.ОРЗИМУРОДОВ
.

комментариев