» » Сусткашликка чек қўйиш вақти келмадими?!

Сусткашликка чек қўйиш вақти келмадими?!


Ҳадис илмига катта ҳисса қўшган буюк аллома, ислом тарихидаги қувваи ҳафизалари энг зўр олимларнинг биринчиси Абу Муҳаммад ибн Абд ар-Раҳмон ад-Доримийнинг туманимизда жойлашган мақбарасини мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳига айлантириш борасидаги бунёдкорлик ишлари замон талабидан ортда қолмоқда.



Аслини олганда, бу мавзуда кўп ва хўб ёзилди; айтилмаган гап, билдирилмаган фикр қолмади, чоғи. Сўнгги бир ярим йил ичида мақола муаллифидан ташқари, куюнчак муштарийлар — меҳнат фахрийси Ўктам Асроров, жумабозорлик манбашунос олим Меҳрожиддин Амонов ва бошқаларнинг нафақат туманимизда, балки вилоятимизда ҳам энг пурфайз, пуртароват ва латиф гўшаларидан бири бўлмиш зиёратгоҳни улуғ олим номи ва шаънига яраша қутлуғ масканга айлантириш борасидаги қимматли мулоҳазалари баён қилинган мақолалар чоп этилди. Шунинг учун нашримизни битта қолдирмай ўқиб бораётган зукко газетхон: «Яна шу гапми?», «Бошқа мавзу қуриб қолган эканми?» деб қўл силтаса ҳам ажаб эмас...

Йўқ, ёзмаса бўлмас экан! Ахир, Ўукуматимиз қарорида Имом Бухорий ва Имом Термизийлар билан бир қаторда «буюк аллома», дея эътироф этилган муҳаддис бобомизнинг мангу қўнимгоҳини зиёрат қилгувчилар кўпайиш ўрнига, аксинча, камайиб бораётганлиги бизнинг эътиборсизлигимизга берилган баҳо эмасми?!

Дарвоқе, аллома қабрига маҳобатли мақбара ўрнатилган ва атрофида кенг кўламли ободончилик ишлари олиб борилган ўша 1998 – 2002 йилларда «фалон давлатдан зиёратчилар келишибди» деган хабарлар бугунгидан ўн чандон кўпроқ қулоққа чалинарди.

Энди-чи? «Имом Доримий» жоме масжиди имом хатиби муовини мулла Азим Шаҳобовнинг айтишича, йил бошидан буён фақат Покистондан зиёратчилар ташриф буюришган, холос. Бу — Ҳукумат қарори чиққанидан кейинги аҳвол.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 896-сон Қарорида Имом Доримий илмий меросини тарғиб қилиш, мақолалар чоп этиш юзасидан тавсиялар, кўрсатмалар берилган. Улуғ муҳаддиснинг бизгача етиб келган машҳур асари — «Муснади Доримий»ни китоб ҳамда нашр этиш ишлари билан соҳа мутахассислари шуҚулланишаётгандир. Бироқ, бобомизнинг мунаввар қабри жойлашган файзиёб гўшани муқаддас зиёратгоҳга айлантириш режаларини пайсалга солишга асло ҳаққимиз йўқ.

Тўғри, Мулла Азимнинг таъкидлашича, туман ҳокими Б. Бобоназаров мақбара-мажмуага ташриф чоғида зиёратгоҳда катта ҳажмдаги ишлар бажариш режалаштирилаётганлигини, хусусан, янги масжид қурилишини шахсан назоратга олишини билдирган. Бу яхши, албатта. Фақат бу борада туман ҳокимининг қарори асосида ташкил этилган комиссиянинг кенг қамровли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилса, унда жонкуяр тумандошларимиз, мақола муаллифи ва бошқалар томонидан билдирилган таклифлардан фойдаланилса, олижаноб иш бўларди. Айтмоқчимизки, Имом Бухорий ва Имом Термизийлар қаторида турган улуғ аждодимизга эҳтиром ҳам уларникидан асло кам бўлмаслиги керак. Зеро, буюкларнинг руҳини шод қилиш учун бунёдкорлик ишларининг салмоғи ҳам юқори бўлиши лозим. 

Яна бир неча йилдан сўнг, аниқроғи 2023 йилда ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий таваллудининг 1250 йиллиги дунё миқёсида кенг нишонланади. Табиийки, қутлуғ тўй асносида, юртимизга ташриф буюрган минглаб хорижий сайёҳларга ал-Бухорий замондоши, улуғ муҳаддис ад-Доримий ҳақида ҳам маълумотлар берилади: меҳмонлар унинг қабрини зиёрат қилиш истагида бўлишади. (Бунга шубҳа йўқ). Уларни қандай зиёратгоҳда кутиб олиш ҳақида ҳозирдан бош қотирмасак, эртага кеч бўлади. 

Аниқ лойиҳани ишлаб чиққан ҳолда енг шимариб ишга киришиш пайти келди. Ишлар кўламининг катталигини назарда тутган ҳолда, балки инвестициялар жалб қилишга тўғри келар. Нима бўлган тақдирда ҳам сусткашликка барҳам беришимиз керак. Акс ҳолда Ислом оламида эътирофга сазовор бўлган буюк аждодимизнинг руҳи бизни кечирмайди.

            Абдулло САЛОМ.

             Сурат муаллифи: 

      А. ОРЗИМУРОДОВ.

комментариев