Туманимизни ораста, обод масканга, одамлар аҳил, осойишта ва фаровон яшайдиган
пурфайз гўшага айлантирайлик!
Азиз тумандошлар!
Давлатимиз раҳбари таклифига кўра «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланган 2019 йилнинг тароватли айёми — навбаҳор, Наврўзи Олам гўзал диёримизга ташриф буюрди. Шоир зўр илҳом билан таърифлаганидек, «Қуёш бир лаҳза кўрмаса соғинадиган, тупроғида олтин гуллайдиган», ҳусну латофатда бетакрор ўлкамизнинг чиройига боқиб, кўз тўймайди. Гўё афсонавий Эрам боғининг оппоқ товуси фусункор юртимиз осмони узра жилвагар қанотларини ёзиб парвоз қилмоқда-ю, улардан тўкилаётган инжулар, гул-чечаклар дуркун япроқларга айланмоқда.
Табиатнинг келинчак фасли зумрад баҳор нафақат ўлкамизни ва унинг мўъжаз, дилкушо гўшаси бўлмиш Тойлоқнинг дала-боғлари-ю, қир-адирларини, балки гўзалликка ташна қалбларимизни ҳам яшнатиб, яшартириб юборди. Зеро, бугун 33 миллиондан ортиқ юртдошларимиз қатори, салкам икки юз минг киши истиқомат қиладиган «Кичик Мовароуннаҳр» — қадим Шовдорнинг меҳнаткаш аҳолиси ҳам янгиланишлар оғушида яшамоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз халқ хўжалигининг ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида амалга ошираётган ҳаётбахш ислоҳотлар, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари қалбимизда акс-садо бераётганлиги, фахру ғурур туйғуларини уйғотаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Тинчликсевар, меҳмондўст ва меҳнаткаш халқимиз томонидан қўлга кирилаётган муваффақиятларни дунё ҳамжамияти ҳавас ва ҳайрат билан кузатиб бормоқда.
Келинг, шу ўринда туманимиз миқёсида ўтган йилда эришилган айрим ютуқлар билан боғлиқ мисолларга мурожаат қилайлик:
2018 йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 102,2 миллиард сўм бўлган 45 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 372 та янги иш ўринлари яратилди.
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармони асосида Нурли йўл маҳалласидаги Бахшитепа қишлоғида ҳамда Шопўлот маҳалласида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Юқорида таъкидланган дастурга мувофиқ жорий йилда Олмазор, Навбаҳор ва Хўжақишлоқ маҳалларида катта ҳажмдаги бунёдкорликлар —ички йўлларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр ва иссиқлик таъминотини яхшилаш, аҳолининг турар жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш каби ишлар амалга оширилади. Эътиборлиси, «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш асносида Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинининг Испанди қишлоғида жойлашган табаррук қадамжо — ислом оламида машҳур аллома, буюк ҳадисшунос Имом ад-Доримийнинг мақбара-мажмуасини обод қилиш уни муқаддас зиёратгоҳга айлантиришдек эзгу ишлар кенг кўламда қайта бошлаб юборилди. Улуғ тумандошимиз илмий меросини ўрганиш Ҳукуматимиз қарорига киритилганлиги ҳам барчамизни бирдек қувонтирмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2019-2020 йилларда туманимизда умумий қиймати 557 миллиард 669 миллион сўм (шундан 20,1 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция) бўлган 51 та лойиҳани амалга ошириш натижасида 1285 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Демакки, ҳаётимиз гўзаллишиб, турмушимиз фаровонлашиб бормоқда. Тадбиркорлик, оилавий бизнес, томорқачилик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиб, оила фаровонлигини яхшилаш ниятида бўлган барча кишилар учун тўлақонли шарт-шароитлар яратилган, имтиёзли кредитлар олиш учун банклар томонидан қулайликлар муҳайё қилинмоқда.
Шунга қарамай, олға силжишимизда тўсқинлик қилаётган кўпгина муаммолардан холос бўлишимиз қийин кечмоқда. Маҳаллаларимизда боқимандалик кайфиятида бўлган, меҳнат қилмай енгил-елпи ҳаёт кечиришдек нопок йўлга кирганлар, оиласи ва фарзандлари олдидаги бурчини унутиб қўйган ота-оналар, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолаётган ёшлар, афсуски, ҳамон учрамоқда. Оилавий ажримлар, келишмовчиликларнинг барҳам топиши жуда суст кечмоқда. Энг ачинарлиси, бундай нохуш ҳолатларни кўриб, кўрмасликка олаётганлар, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш кўришни афзал билаётганлар кўпайиб бормоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб туманимизнинг барча фуқароларига — маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаолларига, маҳалладошларимизга
МУРОЖААТ ҚИЛАМИЗ:
Ҳурматли маҳалла фуқаролар
йиғинлари раислари!
Президентимиз юксак ишонч билдириб; сизларни «Менинг жойлардаги вакилларим», дея эътироф этганлар. Аслида ҳам, таъбир жоиз бўлса, сиз маҳалланинг юз-кўзи, ақл-идроки, барча эзгу ишларда саркорисиз. Хонадонларнинг осойишталиги, оилаларнинг тотувлиги, хотиржамлиги кўп жиҳатдан сизнинг куюнчаклигингиз, шижоатингиз зукколигингизга ва ташаббускорлигингизга боғлиқ. Муайян ҳаётий тажрибага ҳамда эл ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган инсонлар сифатида сизларни яна ҳам жўшқинроқ фаолиятга даъват этамиз.
Барча ишларингизни режали ташкил этиш, уларнинг сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида Кенгашимиз томонидан ишлаб чиқилган қуйидаги тавсиялар сизга қўл келади ва уларга амал қилишингиз зарур, деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, «Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига Мурожаати» маҳаллангизда мавжуд экин майдонларидан, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлди, деб ўйлаймиз. Мурожаатда таъкидланганидек, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Она табиат уйғонаётган ушбу бетакрор ва ғанимат паллада қандай муҳим юмушлар кутаётганлигини миришкор деҳқонларимиз ҳамда томорқа ер эгалари яхши билишади. Улар сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари етиштириб, оила эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқариш орқали қўшимча даромад топишга ҳаракат қиладилар.
Азиз маҳалла фаоллари!
Оқсоқолнинг яқин кўмакчиси, ўнг қўли сифатида сизга мурожаат қиламиз: ерни тайёрлашда, сара уруғ ва кўчатлар билан таъминлашда, экин майдонлари ва мевали дарахтларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда, бир ой давомида хонадон эгасига томорқасининг ҳар бир сотихи ҳисобига ўртача бир тупдан, бир томорқада ўртача 10 туп ҳудудга мос бўлган сердаромад ва серҳосил дарахт кўчатлари экиш, 1-2 сотихли ихчам иссиқхона ташкил этиш, лаёқатга қараб курка, товуқ, қўй ва бошқа чорва молларини боқишда томорқачилар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйинг.
Маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланг, уларнинг имкониятини ўрганиб чиқиб, имтиёзли банк кредитлари олиб беришда кўмаклашинг. Зеро, тадбиркори кўп, саховатли бўлган маҳалла обод ва бой масканга айланиши тажрибада синалганлигини унутманг.
Иккинчидан, маҳалла ободончилиги, тозалиги ва орасталигига эришиш фаолиятингизда асосий вазифалардан бири эканлигини доимо ёдда тутинг. Биринчи галда ота-боболаримиз, аждодларимиз, қариндош-уруғларимиз мангу қўним топган қабристонларни файзли масканларга айлантириб, уларнинг руҳларини шод этинг. Шоядки, ўтганларнинг руҳлари мададакор бўлиб, маҳаллада тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлса, оилавий жанжаллар камайса, бало-қазолар яқин йўламаса... Кўчалар ва пиёдалар йўлакларини имкон даражасида таъмирлаш, ариқ-зовурларни қазиш, тозалаш, маҳаллани кўкаламзорлаштириш ва гулларга буркашда ҳашарлар ташкил этиб, уларнинг оммавийлигини оширишга эътиборни кучайтиринг. Бу каби тадбирларнинг маҳаллада жипслик, аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини зинҳор унутманг.
Учинчидан, туманимизнинг барча маҳаллаларида ташкил этилаётган эзгу тадбир — ҳар ҳафтанинг шанба кунлари бир соатдан иборат «Тозалик соати»ни юқори савияда, мазмунли ва самарали ўтказилишига эришинг.
Табиатни чиқиндилардан, зарарли маҳсулотлардан муҳофаза қилиш, экология меъёрлари бузилишига йўл қўймаслик давлат сиёсати даражасидаги масалалардан бири эканлигини англаб етдик. Яшаб турган маконимизни кўкаламзорлаштириш, гулу-гулзорлар яратиш, оз бўлса-да ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшиш бурчимиз эканлигини ҳам биламиз. Вазифани бажаришга келганда оқсаш яққол кўзга ташланаяпти. Ана шундай масъулиятни унутаётган маҳалладошларингизни жамоага қўшиш чораларини изланг.
Тўртинчидан, барчамизни қийнаб келаётган оҚриқли муаммолардан бири — тўй-маъракаларда ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларга барҳам бериш, уларни камхарж, спиртли ичимликларсиз ўтказишга эътиборни кучайтиришимиз лозим бўлади. Бу борада жуда кўп гапирилмоқда. Аммо аҳвол яхши томонга ўзгармаяпти. Суннат тўйи, қиз узатиш, ўҚил уйлантиришда бир-биридан ўзишга уринаётганларнинг чираниб, «бели чиқиб кетмоқда», қон босими ошиб, касалхонага тушмоқда. Бироқ, турфа одатларни ўйлаб топаётганлар «ижод қилиш»дан тўхтамаяпти.
Кишилар наздида камў-кўстсиз ўтказилиши «шарт» бўлган «Китобхонлик», «Йигирма», «Қирқ», «Йил оши» каби таъзия маросимлари динимизда йўқлигини маҳалладошларга ким уқтиради?! Шариат бундай маъракаларни ман қилган бўлса-да, диний ва дунёвий илмлардан бехабар ўзбошимчалар, бу маросимларни янгидан-янги одатлар билан «бойитаётганларнинг» танобини ким тортиб қўяди?!. Оқибатда марҳумнинг орқасида қолган касалманд рафиқаси қарз-га ботиб, норасида гўдаклари азият чекмоқда. Бироқ, ночорликдан улар ҳам «эл қатори» бўлишга интилиш-япти. Қачонгача бундай иллатларни кўриб, кўрмасликка оламиз?! Токи бажараётган амалларимизнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиб, бир ёқадан бош чиқармас эканмиз, ўзимиз ва яқинларимизни кўплаб кўнгилсизликлар, нохуш ҳолатлардан асрай олмаймиз.
Шундай экан, сиз маҳалла фаоллари ва зиёлиларни, нуроний отахону онахонларни енг шимариб ишга киришишга, тарғиботни ҳар томонлама кучайтиришга даъват этамиз!
Бешинчидан, хайр-саховат, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана эканлигини барчамиз яхши биламиз. Айниқса, якка ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради. Қолаверса, жамият ҳаётида мурувватнинг ўрни беқиёс. Одамни ҳар қандай синовдан эсон-омон олиб ўтадиган куч ҳам муҳаббатдир. Шу сабабдан «Меҳр-мурувват куни» деб белгиланган ҳар ойнинг учинчи жумасида омма ўртасида турли тадбирлар уюштириш, ночорларнинг ҳолидан хабар олиб, меҳрибонлик ва қариялар уйларига эҳсонлар қилиш билан миллий қадриятларимизнинг бардавомлигига муносиб ҳисса қўшинг. Жума тадбирини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга эришинг! Кўпни кўрган қариялар, имом-хатиблар, отинойилар, ҳожи ота ва ҳожи оналар, зиёлилар билан ҳамкорликни кучайтиринг!
Олтинчидан, ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги, албатта, давлатнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боҚлиқлиги барчамизга аён. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: «Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас», дея таъкидлайдилар. Ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси давлат ва жамият олдида турган энг асосий вазифалардан бири эканлигини инобатга олиб, «Халқ таълими куни» деб белгиланган ҳар ойнинг биринчи чоршанба куни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар, болалар билан уларнинг ота-оналари иштирокида таъсирчан маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, учрашувлар, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказишга эришинг. Бу билан сиз «Маҳалла — таълим муассасаси — оила» тамойили ҳамда «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига ҳисса қўшган бўласиз!
Еттинчидан, барчамизни жиддий ташвишга, хавотирга солаётган, ҳатто энг оғриқли масалалардан бирига айланган — оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласида сизнинг ёрдамингиз сув ва ҳаводай зарур. Чунки оилавий жанжаллар эр ва хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар туфайли оила деган мўъжаз давлатнинг дарз кетиши аслида жамиятимиз учун катта фожиа. Афсуски, кенг жамоатчилик томонидан олиб борилаётган айрим саъй-ҳаракатларга қарамай, оилаларда ажрашиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бунинг асосий сабабларидан бири эркакнинг ишламаслиги, оқибатда аёлнинг пул топиш илинжида хорижга чиқиб кетишидир. Келинг, шу ўринда дўппини ерга қўйиб бир ўйлаб кўрайлик: хорижда кимларгадир энагалик қилаётган аёлларимиз шу ишни оиласида амалга оширса, хонадонда камол топадиган фарзандлар келажакда Ватанимизнинг гуллаб яшнаши учун беминнат хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етмайдими?! Уйда ўтиришни афзал билган эркакларимиз жасоратли аждодларимиздан мерос ғурурни, ориятни қайтариб олишса, оила гуллаб- яшнамасмиди?!
Таассуфки, бундай бўлмаяпти, рашк, хиёнат оилавий ажримларнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Кўпинча, юқоридаги сабаблар туфайли аёл ўзи истамаган ҳолда оиласини барбод этиб, фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу каби долзарб муаммоларнинг ечимида ҳам сизнинг ўрнингиз беқиёс, азиз маҳалла фаоллари! Лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.
Саккизинчидан, жамиятимизнинг олдинга силжишида жиддий тўсиқ бўлаётган муаммолардан бири масаланинг ечимини излашда, уларни бартараф этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилмаганлигидир. Шундай экан, сиз туман хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, партиялар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, касаба уюшмалари ташкилоти каби ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришингиз лозим бўлади.
Ёшларимизнинг диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, юқоридаги каби ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Демакки, оилани мустаҳкам қўрғонга айлантириш, уни авайлаш, миллатнинг орзу-умид ва келажаги бўлмиш фарзандларни асраш, уларни комил инсон қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Инсонга, унинг ҳаётига тўкислик бағишловчи маскан, бахт келтирувчи ва авлодлар давомийлигини таъминловчи гўша мустаҳкамлиги учун бирдам ва бардавом курашайлик!
Азиз тумандошлар!
Таъкидлаганимиздек, жонажон диёримиз узра янгиланиш ва яшариш фаслининг беғубор эпкини кезиб юрибди. Навбаҳор дилларимизга покланиш эзгулик яратиш, савоб ишлар қилишнинг мусаффо ҳавосини олиб кирди. Келинг, аввало, шундай гўзал ва хайр-баракатли, тарихи бой юртда, туманда туғилганлигимиз, яшаётганлигимиз ва унинг ҳавосидан нафас олаётганлигимиз учун Яратганга шукрона келтирайлик! Президентимиз бир неча йиллар олдин ўз нутқларидан бирида «Тойлоқда бахтли инсонлар яшайдилар», дея эътироф этган эдилар. Ана шу ишончни оқлаш пайти келди. Юртбошимиз, Ҳукуматимиз ва туман раҳбарлари атрофида маҳкам жипслашиб, туманимизни чинакам жаннат гўшасига айлантирайлик! Унинг янада обод ва фарахбахш бўлиши учун, фуқароларнинг фаровон, тинч-осойишта умргузаронлик қилишига эришиш учун курашайлик!
Она юртимизнинг мунаввар келажагига собит иймон ва ишонч туйғуси, саховатпешалик, савоб ишлар билан яшаш, Ҳазрат Навоий таъкидлаганларидек, халқ дардини ўз дарди деб билиш каби фазилатлар қалбингиздан мустаҳкам жой олсин, қадрли тумандошлар!
комментариев