» » Полиэтилин пакетлар нега пуллик бўлди?

Полиэтилин пакетлар нега пуллик бўлди?

Аҳоли сони ортгани сайин целоффан пакетлардан фойдаланиш кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, юртимизда бу кўрсаткич йилига 26,2 минг тоннани ташкил этмоқда. Бу албатта жуда катта рақамлар.

Бугунги кунда чиқинди масаласи кўплаб давлатларда ўз ечимини кутаётган асосий муаммолардан бири саналади.


Полимердан тайёрланган елим пакетлардан самарали фойдаланиш, шу орқали инсониятнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб юртимизда плас-тик пакетлар пуллик этиб белгиланди. Чунки улар асосан, қайта тикланмайдиган табиий ресурслар – нефть ва газдан тайёрланади. Мутахассисларнинг фикрича, аксарият пластик пакетлар ер юзида 1000 йил, сувда 450 йилда парчаланувчи полиэтилендан тайёрланади.

Сув ва қуруқликдаги ҳайвонларнинг озуқа излаб, уларни еб нобуд бўлиши каби ҳолатлар борган сари ошиб бормоқда. Негаки, тирик мавжудотлар организми пластик пакетларни ҳазм қилиш имкониятига эга эмас.

Бу нафақат экологияга, балки аҳоли саломатлиги учун ҳам жиддий хавфни юзага келтиради. Хусусан, полиэтилен пакетларни ишлаб чиқаришда заҳарли модда – қўрҚошиндан фойдаланилади. Организмда мазкур модданинг тўпланиши турли касалликларнинг юзага келишига замин яратади, қадоқлаш материаллари чокларини бирлаштиришда кимёвий елим ишлатилади, бу эса маҳсулотларга салбий таъсир кўрсатади. Реклама мақсадларида аксар ҳолатларда полиэтилен пакетларига турли ёрқин ранглардан иборат ташкилот логотиплари туширилади, биз эса уларда юқори даражада заҳарли моддалар борлигини англамаган ҳолда озиқ-овқатларни соламиз. Полиэтилен таркибида бактериялар жуда кўп бўлганлиги сабабли маҳсулот тез бузилади. Пакет музлатгичга қўйилганда, ундан хавфли токсинлар ажралади.

Кўча-кўй, бозорлар, сув объектлари атрофларида, дам олиш ҳудудларида уларнинг уюлиб ётиши, эски маиший чиқинди полигонларда чиқиндиларни ташкиллаштирилмаган ҳолда кўмилганлиги натижасида санитар меъёрларнинг бузилишига ва шамол таъсирида пакетларнинг ён-атрофга тарқалишига барҳам бериш вақти келди.

Мамлакатимизда ушбу масалада мақсадли йўналишга эга бўлган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Улар доирасида, биринчи навбатда, савдо дўконларида, бозорларда елим пакетларни бепул тарқатишга чеклов ўрнатиш, улар сонининг камайишига, ўз нав-батида атроф-муҳит ифлосланишининг олди олинишига эришиш зарур.

Аммо кузатувлар натижасида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, баъзи дўкондорлар ва савдо билан шуғулланувчи шахслар доимий харидорларини йўқотишдан қўрқиб, ҳамон целлофан пакетларни бепул тарқатишмоқда. Бунинг натижасида атроф-муҳитда ўзгариш деярли сезилмаяпти. Бироқ аминмизки, ҳар нарсани ақл тарозида ўлчаб, мулоҳаза юритадиган юртдошларимиз пакетларнинг пуллик бўлиши атроф-муҳит, асосийси, ҳаётимиз, келажагимиз учун нечоғли аҳамиятга эга эканлигини англаб етишади.


комментариев