» » Тадбиркорлар билан мулоқот муаммоларга барҳам бермоқда

Тадбиркорлар билан мулоқот муаммоларга барҳам бермоқда

Тойлоқ туман прокуратураси ва туман Давлат солиқ инспекцияси ҳамкорлигида доимий равишда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.

  Туманда ўтказилган навбатдаги мулоқот жараёнида солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, тўлаш ҳамда ҳисоботларни топшириш тартиблари, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди.

  2019 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этилган янги солиқ концепциясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларини тадбиркорларнинг ҳузурига борган ҳолда олиб боряпмиз. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини жойларда ҳал этишга, саволларига жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз. Жойида ҳал қилинмаган муаммолар вилоят ва республика даражасида ўрганилиб, улар юзасидан тадбиркорларга жавоб қайтарилмоқда. Тадбиркорларга товар айланмасидан солиқ тўлашдан кўра даромаддан солиқ тўлаш тизими афзалликларини батафсил тушунтиряпмиз.

   Шунингдек, туманда тузилган ишчи гуруҳи томанидан тадбиркорлик субъеклариниг солиқ қонунчилигига риоя этиши юзасидан ўрганишлар ўтказиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 850-сонли қарарига асосан 2019 йилнинг 1январидан бошлаб алюминий профилдан эшик ва дераза ясаш фаолияти билан шуғулланаётган якка тартибдаги  тадбиркорлар ҳам юридик шахс сифатида  фаолиятларини давом эттиришлари белгилаб қўйилган. Туманнинг «Қўрғонча» маҳалласида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Дилмурод Носиев алюминий профилдан дераза ва эшик ромларини тайёрлаш фаолиятини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиб, жорий йилнинг 4 февраль куни «Дониёр Акфа Пласт Голд» хусусий корхонасини ташкил қилди. Ишчи гуруҳи корхона фаолиятини кузатганда, 3 нафар норасмий ишчи ишлаётгани аниқланди. Корхона раҳбарига  туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан расмий огоҳлантириш хати берилди.

    Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили «Муборак» маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи «Маржона, Нозима, Ситорабону» оилавий корхонаси бўлди. Шундоққина катта йўлнинг четида жойлашган « Маржона» кафесига кечки пайт кириб борган ишчи гуруҳ аъзоларига корхона ғазначиси томонидан тақдим этилган назорат-касса машинаси чеки бешинчиси экан. Ҳолбуки, ишчи гуруҳ кириб борганда ҳам етарлича хўрандалар бор эди. Бунинг устига тушлик вақтида кафеда мижозлар кўп бўлиши турган гап. Ўрганиш давомида ошхонада 9 нафар ишчи ходим ишлаб келаётганлиги маълум бўлди. Шундан 2 нафари норасмий ишчи-ходимга конверт усулида иш ҳақи берилаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан оилавий корхона раҳбарига расмий огоҳлантириш хати берилди.

  Шу пайтгача якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келаётган Тўлқин Тожиев улкан мақсадлар билан хусусий корхонага асос солди. 

   — Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар биз, тадбиркорлар учун енгилликлар яратмоқда, — дейди тадбиркор. — Илгари икки нафар ишчини рўйхатдан ўтказган эдик. Қолган ишчиларга эса конверт усулида маош берганмиз. Бугунги кунда эса қўшимча тўрт нафар ишчига маош беряпмиз. Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида кредит олишга ҳужжат топширганмиз. Кредит ҳисобига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш диагностика марказини ташкил этиш ниятимиз бор.

  Бу каби ўрганишлар туманимиздаги барча ҳудудларида давом этмоқда.

                               

комментариев