» » Қовун-тарвузлар лаборатория текширувисиз сотиляпти. Нега?!

Қовун-тарвузлар лаборатория текширувисиз сотиляпти. Нега?!

Иссиқ фасл ёзни мева-чевалар, айниқса, қовун-тарвузларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уларни ёшу қари бирдек севиб истеъмол қилади. Чунки витаминларга бой ушбу маҳсулотларнинг инсон организми учун фойдалилигини ҳам яхши биламиз. 
Бугун бозорларимизда ушбу полиз экинларининг савдоси авжида. Уларни нафақат махсус жойлардан  балки йўл четлари ёки юк машиналаридан ҳам харид қилаверамиз. Аммо сифати, сақлаш шароити ҳаммани ҳам қизиқтиравермайди. Мутахассислар овқатдан заҳарланишни кўпинча «ёпилган банка»ларга қаратишади. Аслида эса хавфсизлиги таъминланмаган ҳар қандай озиқ-овқат инсон саломатлигига зиён етказади.
Пишиқчилик бошланиши билан «Тез ёрдам» бўлими ва юқумли касалликлар шифохонасига юзлаб мурожаатлар бўлади. Бошқача қилиб айтганда шифокор-у ҳамшираларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ювилмасдан ёки ҳеч қандай текширишсиз сотиб олиб ейилган маҳсулотлар ўз ишини кўрсатади. Ичакларга микроб тушади, турли даражадаги касалликлар келиб чиқади. Хўш, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз лозим?  Бугунги жазирама кунларда йўл четларида тоғдек уюб қўйилган ёки кўча бошларидан ҳафталаб қимирламай турган юк машиналаридаги қовун-тарвузларнинг ҳаммаси ҳам истеъмолга яроқлими? Уларнинг сифати харидор талабига жавоб бера оладими? Маҳсулотлар тегишли тартибда лаборатория текширувидан ўтказиляптими? Унда нега ушбу полиз маҳсулотларини еганларнинг аксарияти касалликларга чалиняпти?  
Саволларимизга жавоб топиш мақсадида савдоси чаққон сотувчиларга мурожаат қилдик. Бироқ уларнинг бирортаси бизга лаборатория текширув хулосасини кўрсатолмади. Баъзилари: «Шундай қоғозимиз бор эди, йўқотиб қўйдикми?», — деб уёқ бу ёқни қараган бўлса, саволларимиздан ваҳимага тушганлари офтобда қайнаб ётган қовун-тарвузларини шошилганча йиғиштириб, машинасини ўт олдириб, жуфтакни ростлаб қолди. Айримлари эса бундай ҳужжат ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини яшириб ўтирмади ҳам.
Маълумки, ушбу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини соғлиқни сақлаш, давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари, ветеринария, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади. 
Ўрганишларимиз давомида шу жиҳат маълум бўлдики, қовун-тарвузлар савдоси ва уларнинг хавфсизлиги масъул ташкилотлар томонидан етарлича назорат қилинмаяпти. Бу эса ушбу маҳсулотлар билан боғлиқ салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Ёзнинг иккинчи ойи ҳам охирлаб бормоқда. Тарвуз-қовун савдога чиққанига ҳам анча бўлди. Аммо истеъмолчилар кутаётган назорат қачон амалга оширилади? Бозор ва йўл четларида сотилаётган нафақат қовун-тарвуз, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам лаборатория текширувисиз сотилаётганини масъул ташкилотлар қандай изоҳлайди? Биз улардан жавоб кутиб қоламиз.
                                                                                        Д. КАМОЛОВА.


комментариев