» » Ризқ-рўзимиз бунёдкорлари эъзозда

Ризқ-рўзимиз бунёдкорлари эъзозда

 Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 1 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги Қонунда декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” этиб белгиланган.  Бу кунни қишлоқ хўжалиги ходимлари катта шодиёна билан нишонлайдилар. 

Кун муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан  “Темуржон” базмгоҳида 400 нафар ҳамда “Чеҳра” ресторанида 300 нафар қишлоқ хўжалиги ходимлари учун байрам дастурхони ёзилди. Унга агрофирма ва фермер хўжаликлари раислари ҳамда ишчи-ходимлари, пиллачилар,  шунингдек, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, туман ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимлари  таклиф этилди. 


Тадбирда туман ҳокими Б. Бобоназаров сўзга чиқиб, соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида тойлоқлик деҳқон ва фермерларнинг омилкорлиги ва фидойилиги туфайли давлат пилла режаси 101 фоизга, ғалла 120 фоизга бажарилиб, юзимиз ёруғ бўлганлиги, қолаверса, 137,5 минг тонна картошка, 19,5 минг тонна пиёз, 16 минг тонна сабзи етиштирилиб, нафақат туман, балки бошқа ҳудудлар аҳолиси дастурхонига етказиб берилаётгани ва бунинг орқасидан деҳқонларимизнинг даромади ошаётганлигини, етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланиб, жорий йилда 19,9 млн. долларлик миқдоридаги маҳсулот хорижга экспорт қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди. 


 Шундан сўнг туман ҳокими қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришда, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, юртимизнинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, аграр секторда ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва давлат дастурлари ижросини таъминлашда, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, агротехникаларни амалиётга жорий этишда фаол иштирок этган бир гуруҳ соҳа вакилларига ўз “Ташаккурнома”сини ҳамда қимматбаҳо совғаларини топширди. 

Тадбир давомида фермер ва деҳқонлар билан гаплашганимизда уларнинг барчаси бундай эътибордан мамнун эканлигини, келгусида бор куч-ғайратлари билан юртимиз равнақи учун хизмат қилишини таъкидлашди.

Байрам дастурининг иккинчи қисмида туман маданият бўлими ходимлари бободеҳқонларимиз учун дилтортар ва шўх куй-қўшиқларни куйлаб, даврага ўзгача кайфият улашишди. 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев