» » Ўртақишлоқлик миришкор томорқасидан миллионлаб даромад олмоқда

Ўртақишлоқлик миришкор томорқасидан миллионлаб даромад олмоқда

Бугун туманимизда томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётганлар кўп. Хусусан, Ўртақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи ёш деҳқон Ашурали Рустамов ана шулардан бири. У саккиз сотих ернинг бир қаричини ҳам увол қилмайди. Айни дамда у томорқасининг 5 сотихида саримсоқпиёз экиб, парваришлаётган бўлса, 3 сотихлик иссиқхонасида эртанги сабзи маҳсулоти пишиб етилган.

     – Маҳалламиздаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё,  -дейди Ашурали Рустамов. - Биз ҳам оила аъзоларимиз билан мана шу томорқада меҳнат қилиб, даромад олаяпмиз. Ҳосилдорликнинг қандай бўлиши қилаётган меҳнатингизга, фойда эса қандай экин экишингизга боғлиқ. Масалан, бедапоя ўрнига сабзи, карам, пиёз, помидор ёки саримсоқпиёз каби харидоргир маҳсулот етиштирсангиз кўзлаган мақсадингизга эришасиз. Биз ҳам ўн йилдан буён томорқамизга саримсоқпиёз экамиз.  


   Маълумки, саримсоқпиёзнинг инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятлари кўп ва уни халқимиз севиб истеъмол қилади. Шунинг учун ҳам йилнинг тўрт фаслида бу маҳсулотга эҳтиёж катта.


   Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, “Меҳнатга яраша даромад” деган нақллар бежизга айтилмаган. Ерга меҳр бериб, парвариш қилинса, у дастурхонингиз тўкинлиги, рўзғорингиз ободлигини таъминлайди. Бир сотих ерга экин экиш учун қанча харажат сарфлайсиз ва қанча даромад оласиз?, деган саволимизга мақоламиз қаҳрамони шундай жавоб берди.


    -Масалан, 0,01 га ерга саримсоқпиёз экиш учун ўртача 60 минг сўм пул сарфладим. Яъни бир сотих ерга 10 кг уруғ экилади. Уруғликнинг ҳар  килограми ўртача 5 минг сўмдан 50 минг сўм бўлади. Мана шу майдонга 3 кг кимёвий ўғит берилса, ўртача 8-10 минг сўмга тушади. Экинга маҳаллий ўғит бериб, парвариш қилинса, ҳар бир сотих ердан 100-120 кг ҳосил олиш мумкин. Уни бозор нархида ўртача 5-6 минг сўмдан сотсангиз камида 500-600 минг сўм даромад дегани. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам саримсоқпиёзнинг ўзидан 3 миллион сўм даромад олишни ният қилиб турибмиз. Сабзидан эса 1,5 – 2 миллион атрофида фойда оламиз. Бўшаган ерга такрорий экин экиб, яна шунча пул топиш мумкин.
    Ҳа, излаган имкон топар деб шунга айтишади. Деҳқончиликнинг ҳадисини олиб, ундан яхши даромад олаётган мақоламиз қаҳрамони каби кишилар, ернинг қадрига етишади. Дастурхонларимиз тўкинлиги, бозорларнинг арзонлигига ўз ҳиссаларини қўшишади.
Нигина РАҲМАТОВА,
Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

комментариев