» » Тойлоқлик ғаллакорлар 18133 тонна ҳосил олишни мўлжаллашмоқда

Тойлоқлик ғаллакорлар 18133 тонна ҳосил олишни мўлжаллашмоқда


  Юртимизда ҳаво ҳароратининг тобора кўтарилиб бораётгани далаларда ғалла пишиб-етилиб, ўрим-йиғим тадбирлари яқинлашиб қолганидан дарак бермоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳамда туман мутасадди раҳбарлари зиммасига ғалла ҳосилини  уюшқоқлик  билан нест-нобуд  қилмасдан ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш вазифасини юклайди.

   Куни кеча Тойлоқ туманининг "Жомбой дон" АЖга қарашли Тойлоқ туман дон қабул қилиш масканида “2020 йил  ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай йиғиб олиш” мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Феруз Абилов, туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров, вилоят ва туман секторлар раҳбарлари, фермер хўжаликлари раислари, механизаторлар ҳамда мавсумга алоқадор бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

   Дастлаб, ғалла ҳосили баракали бўлишини ҳамда ўрим-йиғим мавсумини беталофат ўтказишни ният қилиб, жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Семинар аввалида туман ҳокими Баҳодир Бабоназаров бу йилги ғалла ўримига туманда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақидаги маълумотларни айтиб ўтди:


  Жорий йил туманимизнинг 492 та фермер хўжаликлари 5075 гектар майдонда  ғалла  парваришлашди. Туман ғаллакорлари 18133 тонна сара дон етиштиришни мўлжаллаган. Ғаллани пешма-пеш қабул қилиш учун иккита қабул масканлари тайёрлаб қўйилди. Ўрилган ҳосилни ташиш учун эса 65 та техникалар жалб этилди. 13 та комбайнлар ўрим учун тахт ҳолга келтирилди.


   Семинарда мавсумни уюшқоқлик билан қисқа муддатларда якунлашга эътибор қаратилди. Одатдагидек, мавсум олдидан ғалла отрядлари шакллантирилди.


  Семинарда мутасаддиларга масъулиятли паллада уюшқоқликни ошириш, дала меҳнаткашлари учун барча шарт-шароитлар яратиш, ўримни тартиб билан тизимли ташкил этиш, ғалладан бўшаган майдонни шудгорлаш ва такрорий экинларни жойлаштириш бўйича керакли тавсиялар берилди.

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.


 

комментариев